Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ Марказий разведка бошқармаси — МРБ директори Жон Рэтклифф билан Ирландияда учрашди. Бу ҳақда Reuters агентлиги 21 сентябр куни икки манбасига таяниб хабар берди.

Манбалардан бирига кўра, учрашув шу куни Ирландиянинг Шеннон аэропортида бўлиб ўтган. Зеленский ва Рэтклифф самолётларига ёқилғи қуйилаётган вақтда норасмий вазиятда суҳбатлашган.

Улар қандай масалаларни муҳокама қилгани маълум қилинмади. МРБ ҳам, Украина расмийлари ҳам учрашув юзасидан расмий ахборот бермаган.

Жон Рэтклифф 25 август куни эълон қилинмаган ташриф билан Москвага борган эди. The Wall Street Journal маълумотига кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп МРБ раҳбарига Россия пойтахтига боришни шахсан топширган. Нашрнинг ёзишича, Трамп ушбу миссия ҳақида ўз ёрдамчилари ва ҳарбий раҳбарларга олдиндан хабар бермаган.

WSJ манбаларига кўра, Рэтклифф Москвада Украинадаги урушни тугатиш бўйича музокараларни қайта бошлаш масаласини муҳокама қилган. Шунингдек, у Кремлни Эронни қўллаб-қувватлашни тўхтатишга чақирган.

Айни пайтда Зеленский Ню-Йоркка йўл олган. У ерда 22 сентябр куни Украина раҳбарининг Доналд Трамп билан учрашуви режалаштирилган. Ню-Йоркда 22–26 сентябр кунлари БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси бўлиб ўтади. Унда қарийб 130 нафар давлат ва ҳукумат раҳбари қатнашиши кутилмоқда.

Зеленский сафар олдидан Украина Россия билан ҳарбий можарони юмшатишга тайёрлигини яна бир бор билдирди.

«Украинанинг энергетика соҳаси, муҳим инфратузилмаси ва озиқ-овқат экспорти Россия учун нишон бўлишдан тўхташи керак. Шунда биз ҳам кескинликни пасайтириш учун шунга мос қадамлар қўямиз. Фақат ҳужумга учраган давлат зарар кўрадиган давр ортда қолди. Замонавий урушнинг табиати шундай: тажовузкор ҳам йўқотишларга учрайди», — деб ёзди у X ижтимоий тармоғида.

Зеленский бу фикрларни Доналд Трампнинг Россия Украина ҳужумлари натижасида дизел ёнилғиси саноати устидан назоратни йўқотгани ҳақидаги постига жавобан билдирган.