Нашр маълумотига кўра, Рэтклифф 25 август куни Москвада Бортников билан учрашган. Айрим манбалар айнан ФХХ раҳбарининг воситачи сифатида танланганини Россия президенти Владимир Путиннинг махсус хизматлардаги ўтмиши билан изоҳлаган.
Уларнинг фикрича, Путин МРБ директори орқали етказилган маълумотларни одатий дипломатик каналлардан келган ахборотга нисбатан ишончлироқ қабул қилиши мумкин.
NYT Рэтклифф ва Бортников ўртасида бошқа алоқа каналларидан мустақил равишда ишлайдиган тўғридан тўғри мулоқот канали мавжудлигини ҳам қайд этган.
МРБ Россия армиясининг йўқотишларига эътибор қаратган
Газетага кўра, МРБ ходимларида Путинга Украинадаги урушнинг ҳақиқий бориши ва Россия армияси йўқотишлари кўлами ҳақида тўлиқ ва ишончли маълумот етказилаётганига шубҳа бор.
NYT Рэтклифф Бортниковга етказган хабарнинг аниқ мазмунини очиқламаган. Бироқ унинг асосий мазмуни МРБ директори аввалроқ омма олдида билдирган айрим фикрларга мос келиши таъкидланган.
Хусусан, Рэтклифф июл ойида сўнгги бир ярим йил давомида Россия Украина ҳудудининг атиги 1 фоизга яқин қисмини эгаллаганини айтган эди. У буни Украина Қуролли кучларида учувчисиз учиш аппаратлари соҳаси жадал ривожлангани билан изоҳлаган.
Шунингдек, МРБ директори Россия ҳарбийларининг фронтдаги йўқотишлари жуда юқори экани ҳақида ҳам гапирган.
Бироқ NYT маълумотига кўра, Рэтклифф Бортников билан учрашувда, агар Путин АҚШ томонидан етказилган хабарни инобатга олмаса ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатмаса, қандай оқибатлар юз бериши мумкинлиги ҳақида таҳдид билдирмаган.
МРБ раҳбари Москвадаги учрашувдан олдин Украина вакиллари билан ҳам мулоқот қилган. У Киев томонига ташрифдан мақсад Москва позициясини ўрганиш эканини, Украина номидан Россия билан қандайдир ён беришларни келишиш эмаслигини билдирган.
Рэтклиффнинг Москвага ташрифи мақсади бўйича турли версиялар бор
Жон Рэтклифф 25 август куни АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг Boeing C-17 Globemaster III ҳарбий-транспорт самолётида Россияга келган ва бир неча соатдан сўнг мамлакатни тарк этган.
The Washington Post ташриф махсус хизматлар ўртасидаги алоқалар билан боғлиқ бўлганини ёзган.





