Самарқандда ўтган «Қандли диабетнинг долзарб масалалари» ҳамда «Ўз-ўзини назорат қилиш мактаблари» мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Унда барча вилоятлардан эндокринологлар ва эндокринология илмий амалий тиббиёт маркази ходимлари иштирок этишди.

Қайд этиш жоизки, тадбир Ўзбекистон Республикаси президентининг 2022 йил 26 январдаги «Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 102-сонли қарорида белгиланган вазифаларни амалиётга тезроқ татбиқ қилиш мақсадида ташкил этилди.

Президент қарорида 2022-2024 йилларда республика аҳолисига эндокринология ёрдами кўрсатишни ривожлантириш дастури ҳам қабул қилинган. Унда белгиланган режаларга кўра, республиканинг 40 ёшдан ошган аҳолисида йилига бир марта қандли диабет касаллигига скрининг ўтказилиши йўлга қўйилмоқда. Белгиланган муддатда республика аҳолисига эндокринология ёрдами кўрсатишни ривожлантириш дастурини амалга ошириш учун 350,4 млрд сўм ажратилади.

Чунки мутахассислар Ковид пандемиясидан сўнг ушбу дардга чалинганлар сони ортгани, умуман диабет ковид асоратларидан бири эканлигини қайд этишмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош эндокринологи, тиббиёт фанлари доктори Феруза Ҳайдарова айни пайтда бутун дунёда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам қандли диабет эпидемияси кузатилаётгани, президентнинг тиббиёт соҳасига оид илк қарори бежиз эндокринология хизматини юксалтириш борасида қабул қилинмаганига урғу берди.

Феруза Ҳайдарова

«Ҳозир асосий муаммо нимада? Биз бу турдаги касалликларни жуда кеч ташхислаймиз. Жуда кўп беморларда сурункали асоратлар бор.

Диабетнинг аҳамияти шунчалик юқорики, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган илк ҳужжатлардан бири эндокрин хизматни янада ривожлантириш бўйича дастурнинг қабул қилинганидир.

Самарқандда ўтаётган конференция каби тадбирлар республикамизнинг барча вилоятларида ташкил этилади. Кейинги конференция Навоий шаҳрида бўлади ва диабетдаги семиришга бағишланади.