Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 10 январь куни мамлакатимиз тинчлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги келгуси вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
«Бугунги глобаллашув даврида янгидан-янги таҳдид ва хавф-хатарлар пайдо бўлмоқда, жиноятларни содир этиш усул ва воситалари, мақсадлари ўзгариб бормоқда. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимизда кейинги икки йилда бу масалалар бўйича 100дан ортиқ ҳужжатлар қабул қилинди.
Хусусан, ички ишлар тузилмалари ислоҳ этилди. «Хавфсиз шаҳар», «Хавфсиз туризм», «Хавфсиз хонадон» тизимлари жорий этилди ва 24 соатлик патрул хизмати йўлга қўйилди. Буларнинг самарасида ўтган йили жиноятчиликни 33 фоизга камайтиришга эришилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
«Кўрилаётган чоралар натижасида фуқароларимизда адолат ва қонун устуворлигига ишонч пайдо бўлмоқда. Лекин хотиржамликка берилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ, ҳали олдимизда қилинадиган ишлар кўп», – деди давлатимиз раҳбари.
Йиғилишда жиноятчиликни жиловлашни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Масалан, Андижон вилоятининг деярли барча туманларида оғир турдаги жиноятлар сони ошган. Вилоятда аёллар жиноятчилигининг салмоғи юқори бўлиб, республика кўрсаткичининг 8,5 фоизини ташкил этган. Қорақалпоғистонда жиноятчилик 31 фоизга камайган бўлса-да, қотиллик ҳолатлари кўпайган. Наманган вилоятида ҳам бу борада аҳвол қониқарсиз эканлиги кўрсатиб ўтилди.
Ички ишлар вазирлигига юқоридаги масалалар бўйича вазиятни тубдан яхшилаш, чуқур таҳлил асосида мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.
«Хабарингиз бор, ўтган йили «ишлаганни – рағбатлантириш, ишламаганни – жазолаш тизими»ни жорий этган эдик. Бугун уни сарҳисоб қиладиган вақт келди», – деган президент.
Жиноятчиликни жиловлашда энг юқори натижага эришган 10та ҳудуд – Ширин ва Гулистон шаҳарлари, Шаҳрисабз, Янгийўл, Кегейли, Қонликўл, Ховос, Сардоба, Миробод, Ўртачирчиқ туманлари ички ишлар бўлимлари бошлиқларини моддий рағбатлантириш, аксинча, бу борада кўрсаткичлари энг салбий бўлган 10та ҳудуд – Нурота, Нишон, Элликқалъа, Пахтаобод, Дўстлик, Пахтакор, Избоскан, Бўстонлиқ, Бувайда, Қуйичирчиқ туманлари ички ишлар бўлимлари бошлиқларига жарима шаклидаги интизомий жазо қўллаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Энди ҳокимлар ҳам ҳар куни ўз ҳудудидаги жиноятлар билан боғлиқ вазиятни шахсан муҳокама қилиб бориши, шунингдек, жойлардаги халқ депутатлари кенгашлари жиноятлар билан боғлиқ вазиятни таҳлил қилиб, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этишга ўз ҳиссасини қўшиши кераклиги таъкидланди.















