Тошкент шаҳрида ер майдонини турар жой қуриш учун ҳужжатлаштириб беришни ваъда қилиб, 840 минг доллар талаб этган шахс ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Қайд қилинишича, 1970 йилда Хоразм вилоятида туғилган шахс Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги 9 гектарлик нотурар жой объектининг 4 гектар майдонида турар жой бинолари қурилишини ҳужжатлаштириб беришни ваъда қилган.

У бошқа бир фуқарони Кадастр агентлигида ишловчи мансабдор танишларига пора орқали турар жой бинолари қурилишини ҳужжатлаштириш ҳамда келгусида ушбу ҳудудда турар жойлар қуришга рухсат олиб беришига ишонтирган.

Бунинг эвазига мурожаатчидан дастлаб 100 минг доллар, кейинчалик яна 740 минг доллар, жами 840 минг доллар талаб қилган.

Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти ходимлари томонидан Юнусобод туманида ўтказилган тезкор тадбирда у 100 минг долларни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми (фирибгарлик) ҳамда 28, 211-моддаси 3-қисми (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.