Нодавлат (хусусий) таълим ташкилотларида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун ички ишлар органлари ходими лавозимини жорий этиш таклиф қилинди. Бу Ички ишлар вазирлиги томонидан тайёрланган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида назарда тутилган. Ҳужжат норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.

Лойиҳага кўра, 2026 йил 1 сентябрдан нодавлат таълим ташкилотларида янги штат бирликларини муассасаларнинг ўз маблағлари ҳисобидан ташкил этишга рухсат бериш таклиф қилинмоқда.

Лойиҳада олий таълим ташкилотларида профилактика катта инспектори ва хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор лавозимини, ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларида эса вояга етмаганлар масалалари бўйича (катта) инспектор-психолог лавозимини жорий этиш назарда тутилган.

Инспекторнинг асосий вазифалари қаторига ўқувчи ва талабалар ўртасида ҳуқуқбузарлик, зўравонлик, буллинг, гиёҳвандлик ва экстремистик ғоялар таъсирининг олдини олиш киритилган. Улар ҳуқуқбузарликларга сабаб бўлаётган омилларни аниқлаш ва бартараф этиш чораларини кўришда ҳам иштирок этади.

Ҳужжат лойиҳасида тазйиқ ва зўравонликка учраган ўқувчиларнинг ҳуқуқлари ва хавфсизлигини таъминлаш чоралари ҳам назарда тутилган.

Лойиҳага кўра, нодавлат таълим ташкилотлари ички ишлар органлари ходимлари учун хизмат хонасини ажратиши, уни таъмирлаши ва мебель, алоқа воситалари ҳамда компьютер жамланмаси билан жиҳозлаши керак бўлади.

Лойиҳа муҳокамаси 3 ноябргача давом этади.