​Ўзбекистонда қиш мавсуми бошланиши билан аҳолини кўп ўйлантирадиган асосий масала – узлуксиз электр энергия таъминоти бу мавсумда кафолатланадими? Негаки, республиканинг нафақат олис ҳудудлари, балки вилоят марказлари, ҳаттоки, Тошкент шаҳрида ҳам узилишлар кузатилиши одатий ҳолга айланмоқда. 

Соҳа атрофида йиғилиб қолган муаммолар, энергетика келажаги ҳақида энергетик-муҳандис Зафар Сафоев билан фикр алмашиб, ушбу интервьюни Kun.uz ўқувчиларига ҳавола этамиз.

– Зафар ака, аҳоли томонидан энергетикага оид муттасил берилаётган саволларга жавоб борми?

– Албатта, доим кузатиб келамиз. Ташқарида юрсам ҳам, Ўзбекистондаги вазиятдан доим бохабар бўлишга ҳаракат қиламан. Ўзбекистонда кузатилаётган узилишлар табиий ҳол эди. «Ўзбекэнерго» АЖ «узлуксиз беришга ваъдалар» беради. Аслида, бунинг имконияти йўқ. Чунки, узлуксиз энергия билан таъминлаш учун, шунча ишлаб чиқариш қуввати ҳам бўлиши керак. 2016 ё 2017 йил эълон қилинган статистикага кўра, 59 млрд кВт/с электр энергия ишлаб чиқарилган. Бунинг ҳисобини қилганимда, Ўзбекистонда мавжуд электростанциялар ярим қувват билан ишлаётгани ойдинлашди. [Электростанцияларнинг] энг ёши ҳам 20 йил аввал қурилган. Янгилари эса қурилмаган. Аксинча, мустақиллик йилларида аҳоли сонида ўсиш давомий кузатиляпти, уларнинг даромади ошгандан кейин, электротехникага бўлган эҳтиёж ошади: уйга совутгич, телевизор, компьютер сотиб олади. 

Бундан ташқари, янги фабрика, заводлар очилмоқда. Буларнинг барчаси электроэнергия билан ишлайди. Улар энергия билан таъминланмаса, аҳолининг истеъмоли учун назарда тутилган энергия ҳиссасидан олишга тўғри келади. Мана шу сабабдан ҳам, кўп жойларда электроэнергияда узилишлар бор. 

– Сиз таъкидлаяпсизки, [электростанциялар] ярим қувват билан ишлаяпти. Кўпинча, бу – ёқилғи масаласига боғлиқ, кўмир ё газнинг етишмаслиги, ўз вақтида, сифатли маҳсулот етказилмаслиги. Шунингдек, жойларга ҳам етказиб берилмаётган газнинг ўрнини иссиқлик энергияси сифатида босиш электроэнергия зиммасида қолмоқда. Табиийки, яна-да кўпроқ энергия талаб этиляпти. Биз анъанавий энергетикадан воз кечиб, замонавий услубларга ўтишимиз керакми?

– Анъанавий энергия ишлаб чиқаришдан воз кечишимиз керак эмас. Такомиллаштириш зарур. Электростанцияларнинг кўпи жуда эски. Трансформаторлар маънан эскирган. Унда муаммо чиқса, таъмир ишлари кўп вақт талаб этади. Тузатсангиз, бошқаси бузилади. Мана шунақа муаммолар кўплиги ҳам узилишларга таъсир қилади.