Уй калитларини ўз эгаларига топшириш маросимида мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-майор Павел Эргашев, Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони генерал-майор Баҳодир Қурбонов, туман ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этиб, янги хонадонга кўчиб ўтаётган ҳарбий хизматчиларни қутлашди.

«Мазкур уйлар замонавий услубда қурилган бўлиб, шинам ва ҳар томонлама қулай хонадонларга кирган кишининг кўнгли ёришади», дейилади Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати хабарида.

«Ўғлим ўн саккиз йилллик фаолияти давомида бир неча вилоятда хизмат қилди. Оиласи билан етти марта ижара уй алмаштирган. Набираларим Хуршиджон ва Элбек бири беш марта, бири уч марта мактабдан мактабга кўчди. Бугун эса улар ўзларининг ватанига эга бўлди, мен бундан жуда ҳам хурсандман», – дейди подполковник Ўткир Сатторовнинг онаси Фароғат Мақсудова.

2018 йилда Тошкент ҳарбий округи ҳарбий хизматчилари учун айнан шу маҳаллада 18та уйда жойлашган 540та хонадон имтиёзли ипотека кредитлари асосида топширилган эди.

Жорий йилда эса ушбу кўрсаткич деярли икки баробарга ошган.