Бугун яна Россия ва Украина ўртасидаги уруш ҳақида гаплашамиз. Куни кеча президент Зеленский ҳарбий хизматчилар маошини тўлашда Европа лидерларидан ёрдам сўрашини айтди. Уруш сабаб ўтган йил мамлакат ЯИМда 20 фоиз дефицит кузатилганди, шу боис Киевда ҳарбийлар маошини кўтариш учун пул йўқ. Шу ўринда савол пайдо бўлади: Россия ва Украина нега давлатини ҳимоя қилиши мажбурий бўлган эркакларга пул тўлаши керак ўзи? Тўғри, бу янгилик эмас, Иккинчи жаҳон уруши вақтида ҳам аскарлар пул олган, лекин орада жиддий фарқ бор. Келинг, шу хабар атрофида 80 йил аввалги ва ҳозирги урушни таққослаймиз.
Шартнома учун 70 минг $
2022 йил уруш бошланганида кўпчилик бу уруш Россиянинг жуда осон ғалабаси билан тугашини тахмин қилганди. Чиндан Россия ҳарбий жиҳатдан Украинадан минг чандон кучли-да. Россия телеканалларида «украинлар рус танкини гуллар ва туз билан қарши олиши» ҳақида гапира бошлашди. Лекин бундай бўлмади. Украинада қўшниларини туз билан эмас, қурол билан, қуроли йўқлар «Молотов коктейли» билан қарши олди.
Қурол ишлатишни биладиган барча эркакка автомат беришди. Жуфтакни ростлаганлар ҳам бўлди, лекин умуман олганда, Украина дастлабки кунларда жиддий қаршилик кўрсатди. Урушни ютқазмаслик учун дастлабки ҳужум тўлқинини қайтариш муҳим. Худди футболдагидай, кучли рақибнинг дастлабки дақиқалардаги босимига дош берсанг, қолгани бир гап бўлади.
Украина руслар учун кутилмаганда бунақа қаршилик қилиши бир нарсадан нишона эди – уруш чўзилади. Ҳа, бу Россия пропагандаси бонг урганидай «Освободителная операция Киев за три дня» бўлмади. Ва уруш чўзилишини тушуниб етган руслар 2022 йил кузга бориб яна бир ҳақиқатни англаб етишди: Россия доимий армияси билан урушга дош беролмайди. Шу сабаб сафарбарлик эълон қилинди. Қоғозга кўра захирадаги 300 минг урушга жалб қилинди.
Лекин бу ҳам етарли эмасди. Шунда Россия регионларида ҳарбий хизматга ёллаш бўйича чинакам пойга бошланиб кетди. Бир неча юз кинг рублдан бошланган бир марталик тўлов миллионгача чиқди. Ҳозир Россия армияси сафида жанг қилиш учун шартнома имзолаган одам ўша заҳоти 5,5 миллион рубл олиши мумкин. Бу 70 минг доллар дегани, азизлар. Маош ҳам зўр, оддий аскарлар 200, 300 минг рубл ойлик олиши мумкин. Ойига 3-4 минг доллар Россия шаоитида ҳам яхши пул. Ва бир нарсани унутмаслик керак, шартнома учун 70 минг доллар олганлар табиийки қор кураш ёки чой дамлаш учун юборилмайди. Бундай одамлар баъзан ҳатто тайёргарликсиз фронтга боради.
Украина табиийки ҳарбийлар маоши борасида Россияга яқинлаша олмайди. Киев оддий аскарларга ойига 400 доллар атрофида маош тўлайди. Хавфли штурмларда иштирок этадиган, ҳаёти чинакам хавф остида бўлган жангчиларгина 2 минг доллар атрофида ойликка умид қилиши мумкин.















