Жаҳон | 00:59 / 16.01.2019
8863
2 дақиқада ўқилади

Трамп Венесуэла мухолифати етакчисини президент деб тан олишни режалаштирмоқда – CNN

Фото: Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп Венесуэла мухолифати етакчиси, мамлакат миллий йиғини (парламент) спикери Хуан Гуайдони Венесуэланинг қонуний президенти деб тан олиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда вазиятдан хабардор учта манбага иқтибос келтирган ҳолда CNN телеканали маълум қилди.

АҚШ ва яна бир нечта давлат Венесуэла президенти Николас Мадуронинг 2018 йилги сайловлардаги ғалабасини тан олмаяпти. Мадуро учун бу ғалаба унинг иккинчи президентлик муддати бошланишини англатади. Трамп томонидан Гуайдонинг президент деб тан олиниши рамзий қадам бўлса-да, бироқ Вашингтоннинг Мадурога босимини кучайтиради ҳамда “Мадуро ва унинг атрофидагиларнинг хорижда яширилган молиявий активларга эгалик қилишини чеклаши мумкин.

АҚШ маъмуриятида Трамп томонидан Гуайдонинг президент деб тан олиниши Мадуронинг баъзи иттифоқдошларини ҳукуматни тарк этишга мажбур қилишига умид қилинмоқда.

Бироқ АҚШ миллий хавфсизлиги кенгаши матбуот котиби Гаррет Маркиз CNN’га Трамп бундай чора ҳақида ўйлаётганини тасдиқлашдан бош тортган. Шу билан бирга Маркиз Вашингтон “Гуайдони қўллаб-қувватлашини” айтган. Венесуэла конституцияси Гуайдога давлат раҳбари ваколатларини бажариш ҳуқуқини беради.

Трамп, шунингдек, Венесуэла нефть саноатига қарши кескинроқ чоралар кўриш масаласини кўриб чиқмоқда. Бундай чоралар орасида Венесуэла нефтига тўлиқ эмбарго киритиш бор.

Мавзуга оид