Кеча, 27 февраль куни Беларусь Республикаси пойтахти Минск шаҳрида МДҲга аъзо давлатларнинг Мудофаа вазирлари кенгаши қошидаги Спорт қўмитанинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Унда Ўзбекистон Қуролли Кучлар Бош штаби жисмоний тайёргарлик ва спорт бўлими бошлиғи подполковник Азиз Ҳайдаров ҳамда Мудофаа вазирлиги Спорт клуби бошлиғи подполковник Мансур Мамадаминов иштирок этди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Мазкур йиғилишда МДҲга аъзо давлатлар Раҳбарлари кенгаши томонидан 2018 йил 28 сентябрда имзоланган «1941—1945 йилларда Улуғ Ватан урушидаги Ғалабанинг 75 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш тўғрисида”ги қарорида белгиланган масалалар ижросига қаратилди. 

Шунингдек, шу йилнинг июнь-июль ойларида Қозоғистонда МДҲга аъзо мамлакатларнинг олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ўртасида биринчи маротаба Ҳарбий-спорт ўйинларининг ўтказилиши муҳокама қилинди. 

Йиғилиш давомида 2020 йилда МДҲга аъзо давлатлар дўстона армиялари ўртасида III Ҳарбий-спорт ўйинларини ташкил этиш кўриб чиқилди. 25 май – 3 июнь кунлари ўтказилиши режалаштирилаётган ўйинлар 6 та йўналиш бўйича ўтказилади. 

Бундан ташқари, Қўмита ишида 2019 йилда Қирғизистон ҳудудидаги Ленин чўққиси ҳамда 2020 йилда Тожикистоннинг Коммунизм чўққисига гуруҳ таркибида ҳарбий-спортчиларнинг чиқиши бўйича мусобақаларни биринчи марта ўтказишга келишиб олинди. 

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Ҳамдўстликка аъзо давлатлар Дўстона армияларининг спартакиадаси доирасида ўтказиладиган командирлик стартлари ва ҳарбий кўпкураш мусобақалари шу йилнинг июль ойида Беларусда бўлиб ўтади. Ўтган йили Россияда ўтказилган командирлик стартлари мусобақасида мамлакатимиз вакиллари 2-ўринни эгаллаган.

Спартакиаданинг “ПМ-3 ва АК-3 машқларида штатдаги ёки штатга илова қилинган жадвалдаги қуроллардан отиш” мусобақаларига Ўзбекистон мезбонлик қилади. Шунингдек, Спартакиаданинг “Тоғ учкураши” баҳслари сентябрь ойида Россия ҳудудида бўлиб ўтади. Ўтган йили ўзбекистонлик ҳарбийлар бу йўналишда иккинчи ўринни эгаллаб қайтган.

Хабарда таъкидланишича, мазкур мусобақаларнинг барчасида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги вакиллари иштирок этиши кўзда тутилган.

Ўтган йили Тошкентда ўтказилган “Армия қўл жанги” бўйича халқаро мусобақаларда ҳарбийларимиз умумжамоа ҳисобида ғалаба қозонган эди. Бу йил мазкур мусобақаларга Қозоғистон мезбонлик қилади.