Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги номини тилга олмаган ҳолда «ҳаво сарҳадларимизни қўриқлаётган замонавий қирувчи самолётлар»ни намойиш қилди.

Ушбу самолётлар Хитойда ишлаб чиқарилган J-10 қирувчи самолётининг экспорт версияси - J-10CE ҳисобланади.

Вазирлик ҳозирча уларнинг сони, техник хусусиятлари ва нархи борасида маълумотлар бермади.

Kun.uz июль ойининг охирида хитойлик ҳарбий кузатувчилар ва очиқ манбалар таҳлилчиларига таяниб, Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучлари сафига яна тўртта J-10CE қирувчи самолёти қўшилгани ҳақида ёзганди. Ўшанда расмий Тошкент ҳам, Пекин ҳам бу маълумотларни тасдиқламаган ва рад ҳам қилмаганди.

2026-08-30 18.46.07
Видеодан лавҳа / Kun.uz

Марказий Осиё осмонида ҳарбий мувозанатнинг ўзгариши олиб келиши кутилаётган ушбу хабар бунга қадар ҳам минтақада кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди.

J-10CE қандай самолёт?

Таҳлилчиларга кўра, техник жиҳатдан бу қирувчи самолёт Ўзбекистон армиясини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади. Бир ўринли Chengdu J-10CE – 4,5 авлод қирувчи самолёти бўлиб, 2 Max – 2300 км/соат тезликка чиқа олади. У фаол фазали антеннага эга радар (AESA) билан жиҳозланган бўлиб, бир вақтнинг ўзида бир нечта нишонни кузатиш ва уларга зарба бериш имконини беради. Ўзбекистон ҳарбий ҳаво кучларида фойдаланаётган, советлардан қолган МиГ-29 ва Су-27 самолётларидаги эски радарлар бунга қодир эмас.

Снимок экрана — 2026-08-30 в 18.16.32
Видеодан лавҳа / Kun.uz

Хитой қирувчисининг асосий қуроли — PL-15E ракетаси 100 километрдан ортиқ масофада нишонларга мўлжалга олади. Қирувчида 11 та осма нуқта (hardpoints) — қурол ва ускуналар илинадиган тугунлар бор. Уларга ҳаво-ҳаво, ҳаво-ер ва ҳаво-кема типидаги қуролларни илиш мумкин. Бу эса самолётга турли нишонларига зарба беришда универсаллик беради.