Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ўқув марказлари тўғрисида низом” лойиҳаси жойлаштирилди.
Марказларда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчи ва ходимларини, ички ишлар органларининг сафдорлар таркиби ҳамда вазирлик ва идораларнинг қўриқлаш (ҳарбийлаштирилган, қоровуллик) бўлинмалари ходимларини бошланғич тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш:
Марказлар махсус ўқув таълим муассасаси ҳисобланади ва ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси президентининг фармон, қарор ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари, Миллий гвардия қўмондонининг буйруқлари ва фармойишлари, шунингдек бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда мазкур низом ва ўзининг устави асосида амалга оширади.
Марказлар муассиси: Миллий гвардия. Марказлар юридик шахс ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, тегишли банк муассасаларида шахсий ҳисоб варағига ва ҳисоб рақамларига ҳамда ўз фаолияти учун зарур бошқа белгилар ва реквизитларга эга бўлади. Марказларнинг жойлашган ҳудудлари: Фарғона шаҳари ва Даштобод шаҳарчаси.
Марказларнинг мақсади ўқув режа ва ўқув дастурларга мувофиқ тингловчиларни сифатли бошланғич тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этишдан иборат.
Қуйидагилар марказларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
марказларда таълим олаётган тингловчиларни миллий ғояга садоқат ва ватанпарварлик руҳида шаклланган, мустақил фикрлашга қодир маънавий бой ва ҳар томонлама касбий тайёргарлиги юқори бўлган етук кадр этиб тарбиялаш;
Миллий гвардия ва ички ишлар органлари соҳавий хизматлари ҳамда вазирлик ва идораларнинг қўриқлаш (ҳарбийлаштирилган, қоровуллик) бўлинмалари учун малакали мутахассисларни тайёрлаш;
тингловчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
ўқув жараёнига ўқитишнинг замонавий шакл ва услубларини, педагогика ва ахборот коммуникация технологияларини кенг жорий этиш.
Юклатилган вазифаларга мувофиқ марказлар қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) марказларда таълим олаётган тингловчиларни миллий ғояга садоқат ва ватанпарварлик руҳида шаклланган, мустақил фикрлашга қодир маънавий бой ва ҳар томонлама касбий тайёргарлиги юқори бўлган ходимлар этиб тарбиялаш соҳасида:
тингловчиларда ўз Ватанининг келажаги йўлида виждонан ва ҳалол меҳнат қилиш, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш, халқ олдида масъулиятни ҳис қилган ҳолда вазифаларини бажариш кўникмаларини шакллантириш;
мустақиллик ғоясига содиқ, фидойи, жамият ва давлат олдидаги бурчини чуқур ҳис қиладиган баркамол шахсни тарбиялаш;
таълим олаётган тингловчиларда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, республикада жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш вазифаларини бажара олиш кўникмалари ва маҳоратини шакллантириш;
тингловчиларнинг интеллектуал, маданий, маънавий ва маърифий камол топишига бўлган талаб-эҳтиёжларини рўёбга чиқариш ҳамда касбий юксалиши ва мукаммалликка эришиши учун шарт-шароитлар яратиш;
б) Миллий гвардия ва ички ишлар органлари соҳавий хизматлари ҳамда вазирлик ва идораларнинг қўриқлаш (ҳарбийлаштирилган, қоровуллик) бўлинмалари учун малакали мутахассисларни тайёрлаш соҳасида:
мамлакатда ўтказилаётган ислоҳотлар ва замонавий халқаро стандартларнинг юксак талабларига жавоб берадиган тегишли соҳавий хизмат йўналишлари бўйича ҳарбий хизматчи ва ходимларни бошланғич тайёрлашни ташкил қилиш;
белгиланган хизматлар бўйича ўқув режалари асосида ўқув дастурларининг ишлаб чиқилишини ташкиллаштириш;
ўқув жараёнини таълим беришнинг замонавий педагогик технологияларини қўллаган ҳолда умумэътироф этилган халқаро таълим стандартлари ва талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда тингловчиларда касбий фаолиятнинг тегишли соҳалари бўйича тизимли таҳлил қилиш қобилияти ва бошқариш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган таълим дастурлари асосида олиб бориш;
марказлар ўқитувчилар таркиби ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш, ўқитувчиларда касбий малака даражасини ўстиришга бўлган эҳтиёжни доимий равишда шакллантириб бориш;
ўқитиладиган соҳавий хизматлар йўналишлари бўйича замон талабларига жавоб берадиган мутахассисларни тайёрлаш;
тингловчиларнинг билимлари ва ўзлаштириши бўйича баҳолашнинг ҳолати, уларнинг билимларини баҳолашда қўлланиладиган назорат воситаларининг (тест, оғзаки, ёзма иш саволлари ва бошқалар) фан дастури мазмунини тўлиқ қамраб олишини таъминлаш;
тингловчиларнинг маънавий-маърифий, хизмат ва жанговар ҳамда касбий тайёргарлик бўйича билимларини ва жисмоний тайёргарлик даражасини ошириш;
в) тингловчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасида:
тингловчиларнинг самарали малакасини оширишни ва қайта тайёрлашни ташкиллаштириш;
тингловчиларнинг касбий билимлари, кўникма ва маҳоратларини узлуксиз янгилаб бориш механизмларини жорий этиш;
қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнларининг фан ва ишлаб чиқариш билан интеграциясини таъминлаш;
қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича хорижий тажрибани ва таълим муассасаларининг эътироф этилган ютуқларини жорий қилиш;
ўқув йиғинлари якунида қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг тегишли йўналишлари бўйича якуний назорат ҳамда якуний имтиҳонлар ўтказилишини ташкиллаштириш;
г) ўқув жараёнига ўқитишнинг замонавий шакл ва услубларини, педагогика ва ахборот коммуникация технологияларини кенг жорий этиш соҳасида:
марказларда барча ўқув ва илмий-методик ресурсларни бирлаштирувчи ягона ахборот-таълим маконини яратиш, улардан ўқитувчилар ва тингловчиларнинг унумли фойдаланишлари учун имконият ва қулайликлар яратиш;
умумэътироф этилган ўқитишнинг замонавий шакл ва услублари, илғор педагогик, ахборот-коммуникация ва инновацион технологиялардан фойдаланиб тайёрланган ўқув режа ва дастурлар асосида ўқитишнинг илғор педагогик технологияларини қўллаган ҳолда ўқув жараёнини ташкил этиш;
тингловчиларни ўқитиш ва тарбиялаш учун ўқув дастурларининг зарурий ҳажмини тайёрлашда Миллий гвардия ва ички ишлар органларининг илғор амалиётини ҳисобга олиб, ўқитишнинг замонавий усулларини, янги педагогик технологияларни, амалиётдаги янгилик ва тажрибаларни ўқув жараёнида қўлланилишини таъминлаш;
таълим муассасалари билан яқин алоқалар ўрнатиш, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологияларни кенг жорий қилиш;
замонавий ўқитиш тизимини ўқув жараёнига татбиқ қилиш мақсадида, марказлар фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича доимий равишда ўқув-методик базасини ривожлантириб бориш.












