Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизмати бу ҳақда 2 ноябр куни хабар берди. Ушлаш тадбирлари 30 октябрда прокуратура органлари мувофиқлаштирувида, судгача бўлган тергов доирасида ўтказилган.
Тергов версиясига кўра, гумонланувчилар ҳудудда конституциявий тузум асосларини зўравонлик йўли билан ўзгартиришни режалаштирган.
Улар экстремистик гуруҳ тузиш, унга раҳбарлик қилиш ва фаолиятида иштирок этиш, шунингдек, терроризмни тарғиб қилиш ҳамда диний адоват қўзғатишда гумон қилинмоқда.
Қўмита маълумотларига кўра, гумонланувчиларнинг яшаш жойларида ўтказилган тинтувларда ўқотар қурол, гиёҳванд моддалар, диний буюмлар ва адабиётлар, шунингдек, бошқа ашёвий далиллар олиб қўйилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган учта яширин ўқув маркази фаолиятига ҳам чек қўйган. МХҚ бу марказлар тергов қилинаётган гуруҳ иштирокчилари томонидан ташкил этилганини билдирган. Уларда нималар ўқитилгани ҳақида хабарда маълумот берилмаган.
Идоранинг қайд этишича, ушланганларнинг айримлари аввал террорчилик ва бошқа жиноятлар учун судланган. Тергов манфаатлари сабабли ишнинг бошқа тафсилотлари ошкор қилинмаган.












