Глюкагонсимон пептид-1 (GLP-1) асосидаги «Оземпик» ва Wegovy каби дори воситалари АҚШдаги умумий овқатланиш шохобчалари учун қийинчиликлар келтириб чиқарди, деб ёзмоқда The New York Times газетаси. Бу ресторанларни – йирик фаст-фуд тармоқларини ҳам, юқори тоифадаги емакхоналарни ҳам – шундай мижозларга мослашиш учун ўз менюларини ўзгартиришга қилмоқда. «Медуза» ушбу мақоланинг асосий қисмларини келтирди.

Маълум бўлишича, GLP-1 асосидаги препаратларни АҚШ катта ёшли аҳолисининг 11 фоизи, яъни тахминан 30 миллион киши қабул қилади. Бундай одамлар сони вақт ўтгани сайин ортиб бориши кутилмоқда.

Бундай дориларни қабул қилувчи кишилар ресторанларга камроқ бормоқда, борганда ҳам камроқ пул сарфламоқда ва ўзига келтирилган таомни охиригача емаяпти.

Биз меҳмонлардан доим нега таомини охиригача тановул қилмаганини сўраймиз ва улар гап «уколларда» эканини тан олишади, – дейди Атлантадаги Twisted Soul Cookhouse & Pours ресторани эгаси ва бош ошпази Дебора Вантрес.

GLP-1 фаоллаштирувчилари ва шу каби бошқа дориларни қабул қилувчи одамлар кўпроқ оқсил истеъмол қилишни хоҳлашидан келиб чиқиб, ресторанлар таомлардаги оқсил миқдорини ошириши ва порция ҳажмини камайтириши мумкин. Аммо товуқ ёки мол гўштининг қўшимча граммлари таом нархини 5-7 долларга қимматлаштиради.

Оқсил миқдорини оширишнинг яна бир усули – ясмиқ, тухум ва творог каби арзонроқ масаллиқлардан фойдаланишдир, деб ҳисоблайди ресторанларга таомномани ишлаб чиқишда ёрдам берувчи Sysco компанияси вакили Нил Доэрти.

Агар бу стейк-ҳаус бўлса, саккиз унция (226 грамм атрофида) гўшт бўлаги ўрнига тўрт унция (113 грамм) гўшт бўлагини креветка билан тортиш мумкин. Ҳозирда креветка – жуда фойдали маҳсулот, – дея таклиф билдиради Доэрти.

Чикагодаги Foodservice Results консалтинг фирмаси раҳбари Даррен Тристанонинг фикрича, порциялар ҳажми икки баравар камайтирилса ҳам, улар 50 фоизга арзон бўлмайди – ресторанлар нархни 75 фоиз даражасида белгилайди, чунки нарх маҳсулотлар нархидан ташқари ходимларнинг иш ҳақи ва ижара харажатларини ҳам ўз ичига олади.

Тез тайёр бўлувчи емакхоналардаги юқори калорияли егуликлар – бургерлар ва қовурилган таомларга оздирувчи препаратларни қабул қилувчи хўрандалар орасида талаб кескин камайган, дея маълум қилди William Blair инвестиция банки таҳлилчилари.