Қашқадарё вилояти Касби туманида 4 ёшли қизалоқ ўгай онасининг калтаклаши оқибатида вафот этганлиги ҳолати Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан алоҳида назоратга олинди.
Қайд этилишича, оиладаги бошқа вояга етмаган боланинг хавфсизлиги, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида у яқин қариндошининг васийлигига топширилган.
Ҳозирда васийликка берилган боланинг ҳаётий ҳолатини барқарорлаштириш, хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ижтимоий ҳимоя тизими мутахассислари томонидан боланинг ҳаётий ҳолати ва мавжуд хавф омиллари баҳоланмоқда.
Унга зарур психологик ёрдам кўрсатилиб, тиббий кўрик ташкил этилмоқда ва заруратга кўра даволаш чоралари кўрилади.
Шунингдек, яшаш манзили ўзгарганини инобатга олган ҳолда боланинг таълимини узлуксиз давом эттириш бўйича чоралар кўрилмоқда.
Таъкидланишича, яқин қариндоши қарамоғига топширилган вояга етмаган боланинг хавфсизлиги ва фаровонлиги, шунингдек, унга кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар ва индивидуал режанинг ижроси Агентлик томонидан мунтазам назорат қилиб борилади.
Эслатиб ўтамиз, Касби туманида яшовчи 32 ёшли И.С. турмуш ўртоғи Н.А. билан ўзаро низолашиб, унинг 2022 йилда туғилган қизини урган. Оқибатда қизалоқ бош қисмидан жиддий жароҳатланган. Соғлиги кескин ёмонлашган бола шу куннинг ўзида вафот этган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 126-1-моддаси 8-қисми “г” банди (оилавий зўравонлик жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган. И.С. гумонланувчи тариқасида процессуал тарзда ушланган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.







