Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда илк бор «Doctors Community Cup – Tashkent – 2019» халқаро турнири ўтказилади
Ушбу турнир Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ташаббуси билан ўтказилмоқда, деб хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.
Ўзбекистон шифокорлари ўртасида футбол, айниқса, энг оммалашган спорт турларидан бири ҳисобланади. Мамлакатнинг футбол бўйича шифокорлар терма жамоаси бир неча йиллардан бери футбол бўйича шифокорлар жамоалари ўртасида ўтказиб келинадиган Жаҳон чемпионатида ҳам муваффақиятли қатнашиб келади. 2018 йилдан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳомийликни ўз зиммасига олиб, молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаётгани жамоани янада руҳлантирмоқда.
Бу ҳақда жорий йилнинг 25 – 30 март кунлари Тошкент шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва Украина шифокорларининг футбол жамоалари иштирокида ўтадиган “Doctors Community Cup – Tashkent – 2019” халқаро турнири олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан соғлом турмуш тарзи тарғиботига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жорий йил март ойи бошидан буён ҳафтанинг ҳар шанбасида Республика юриш куни, Республика юриш марофони каби оммавий тадбирлар кўтаринки руҳда ўтказилди. Мазкур халқаро турнир ҳам ушбу саъй-ҳаракатларнинг узвий давомидир. Яъни, соғлиқни сақлаш муассасалари тиббиёт ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, шифокорлар ўртасида миллионлар ўйини бўлган футболни оммалаштириш, дунё ҳамжамияти шифокорлари ўртасида юртимиз шифокорларининг обрўси ва имиджини ошириш, чет эллик шифокорларга юртимизнинг диққатга сазовор жойлари ва туристик салоҳиятини намойиш қилиш мақсадида “Doctors Community Cup – Tashkent – 2019” халқаро турнири ташкил этилмоқда.
Мусобақа регламентига асосан, ўйинларда 25 ёшдан катта бўлган, мутахассислиги ва фуқаролигидан қатъи назар, шифокорлик дипломига эга бўлган ходимлар иштирок этади. Турнирда Ўзбекистон терма жамоасидан ташқари Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Белорусь, Украина терма жамоалари ўзаро рақобатлашади. Бундан ташқари, турнирга Францияда жойлашган Жаҳон соғлиқни сақлаш ходимлари Олимпия ўйинлари ассоциацияси вакили Гийом Гассенд ҳам таклиф этилган.
Россия жамоаси 40 ва ундан катта ёшдаги шифокорлар билан ташриф буюради. Шу сабабли ҳам мазкур ёш тоифасида Ўзбекистон-2 терма жамоаси ҳам иштирок этади. Шу тариқа нуфузли мусобақада жами 8 та жамоа қатнашади.
Мусобақанинг тантанали очилиш ва қуръа ташлаш маросими 25 март куни бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Беларусь ва Украина жамоалари 2 та гуруҳга бўлинган ҳолда ўзаро курашади. Ўйинлар 11.00 ва 14.00да пойтахтдаги “Миллий ” ва “Жар” стадионларида ўтказилади. Россия ва Ўзбекистон-2 терма жамоалари эса гуруҳ баҳсларида иштирок этмайди. 29 март куни Плей-Офф ўйинлари, 30 март куни мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари аниқланади. Турнирнинг тантанали ёпилиш маросими соат 17.00 да бўлиб ўтади.
Тадбир доирасида “Тиббиёт ва спортда инновациялар” мавзусидаги илмий-амалий семинар ҳам ўтказилиши ва унда тиббиётнинг долзарб масалалари бўйича шифокорларнинг ўзаро тажриба ва фикр алмашиши кўзда тутилган. Шунингдек, меҳмон жамоаларнинг Самарқанд шаҳрига саёҳатини ташкил қилиш орқали уларга туристик салоҳият ва имкониятларни кенг намойиш қилиш режалаштирилган.
Мавзуга оид
14:37 / 21.03.2026
Ўзбекистонлик ҳарбийлар АҚШда ўтказилган мусобақада рекорд натижа қайд этишди
10:50 / 18.09.2025
Ўзбекистон мерганлари халқаро мусобақада ғалаба қозонди
12:30 / 10.02.2025
Японияда анъанавий бекинмачоқ ўйини учун 100 нафар иштирокчи қидирилмоқда
08:04 / 08.05.2023