Йиғилишда Қорақалпоғистонда юқори технологик тиббий хизматларнинг кўлами ҳам кенгаяётгани таъкидланди.

Қайд этилишича, Нукусдаги марказий шифохонада жигар ва буйрак трансплантацияси амалга оширилмоқда. Оролбўйи болалар шифохонасида 150 турдаги юқори технологик тиббий хизмат кўрсатиляпти. Шу йил бош мия, юрак ва пластик жарроҳлик каби мураккаб йўналишларда 1,5 мингта операция ўтказилган.

Ҳудудда тиббий суғурта механизми жорий этилган. Тиббиёт муассасаларига 10 млн долларлик жиҳозлар олиб берилган.

Ўзбекистонда биринчи марта хусусий шериклик асосида ташкил қилинган Нукус тиббиёт илмий академияси соҳа ходимлари билимини баҳолаш ва малакасини оширишда методик марказ бўлиши маълум қилинди. Тиббиёт академияси, Болалар клиникаси, Онкология маркази ҳамда янги ташкил этиладиган кўп тармоқли шифохонани яхлит тизимга бирлаштириб, Университет тиббий кластери ташкил қилинади.

Шунингдек, Мўйноққа келиб ишлаётган шифокорларга тўланаётган 200 фоизгача ойлик устама 1 январдан Бўзатов ва Тахтакўпирда ҳам жорий этилади.