5 март куни Алишер Навоий номидаги киносаройда режиссёр Нозим Аббосовнинг «Саид билан Саида» фильми томошабинларга тақдим этилганди.

Ёзувчилар хиёбонида Саид Аҳмад ва Саида Зуннуновага атаб ўрнатилган ҳайкал

Фильмда Ўзбекистон қаҳрамони, адиб Саид Аҳмад ва шоира Саида Зуннунова ҳаёти ва муҳаббатининг Сталин қатағони давридаги синовлардан ўтиши ҳақида ҳикоя қилинади.

Премьерадан кўп ўтмай, фалсафа фанлари номзоди, журналист Аъло Хўжаев «Новости Узбекистана» сайтида фильм тўғрисида фикрлари билан бўлишади. Муаллиф фильм режиссёрининг постановка маҳоратини юксак баҳолайди, актёрлар танлови муваффақиятли чиққанини яширмайди, бироқ унинг фильм сценарийси тўғрисида фикрлари иккинчи томон эътирозларига сабаб бўлди.

Ушбу мақола турли муҳокама ва мунозараларга сабаб бўлди. Саид Аҳмад ва Саида Зуннунованинг фарзанди, фильм сценарийси муаллифларидан бири Нодира Ҳусанхўжаева, фильм режиссёри Нозим Аббосов ва журналист Шаҳноза Қурбонбоева танқидий мақолага нисбатан ўз муносабатини билдирди.

Нодира Ҳусанхўжаева ўз раддиясида шундай дейди:

Мен журналист Аъло Хўжаевнинг «Новости Узбекистан»да эълон қилинган «Саид билан Саида» фильмига ёзган тақризини ўқиб чиқдим. Журналист картинанинг ютуқлари ёки камчиликларини таҳлил қилишдан кўра, фильмнинг реал ҳаётдаги прототиплари бўлган таниқли ёзувчи Саид Аҳмад ва шоира Саида Зуннунованинг ҳаёти, ижоди ва шахсияти хақидаги адабий ва тарихий манбаларни шубҳа остига олишни афзал кўрган.

Шу билан бирга, бу икки ижодкорнинг шахсияти ва пок хотирасига нисбатан ҳурматсизлик қилган. Журналист фильмдаги воқеалар икки ижодкорнинг биографиясида бўлмаган, ҳаммаси тўқима, шунинг учун фильм қаҳрамонларининг исмини ўзгартириш лозим эди, дейди. Бутун умр журналистика соҳасида ишлаган Аъло Хўжаев ёзувчи Саид Аҳмаднинг ва Саида Зуннунованинг қатағон йилларидаги ўзаро ёзишмалари, Саида Зуннунованинг кундаликларини ўқимаганми?

Наҳотки Аъло Хўжаев Саид Аҳмаднинг «Офтоб ойим», «Сароб», «Тақдир, тақдир, мунча шафқатсизсан», «Умрим баёни» каби биографик асарларини билмайди?