Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қарши шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда солиқ тўловчиларнинг маблағлари талон-торож қилингани аниқланган.
Департамент маълумотига кўра, Қарши шаҳар солиқ инспекцияси давлат солиқ бош инспекторлари М.А., Ш.Т. ва бошқалар 97 нафар фуқародан гўёки солиқ қарздорлигини сўндириш мақсадида жами 122,6 млн сўм олган.
Бироқ маблағлар солиқ тўловчиларнинг шахсий ҳисобварақларига кирим қилинмасдан, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси — ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.








