Murad Buildings компанияси CIS Education Group билан ҳамкорликда Cambridge Residence турар-жой мажмуаси қошида халқаро таълим муассасасини ташкил этиш бўйича шартномани имзолади.



Cambridge International School – бутун дунё бўйлаб ўқув муассасаларида таълим тизимини яратишга хизмат қилувчи халқаро оператор. CIS Буюк Британиядаги Кембриж университетининг бир қисми ҳисобланиб, замонавий ва ҳар томонлама қулай шароитларда сифатли таълим олишни кафолатлайди.
Murad Buildings компаниясининг асосчиси ва раҳбари Мурод Назаровнинг қайд этишича, инновацион таълим мажмуаси 540 ўринли мактаб ва 200 ўринга мўлжалланган болалар боғчасини ўз ичига олади. Бу ерда нафақат ўқувчилар, балки уларнинг ота-оналари, қўшни бўлган аҳоли билан ҳамкорликда хорижий тилларни ўрганишга йўналтирилган катта тадбирлар ва байрамлар, ўқув маърузалари, спорт мусобақаларини ташкил этиш мумкин.



«Ҳозирги кунда халқимиз томонидан халқаро стандартлардаги таълимга бўлган қизиқишни ҳис этган ҳолда 2018 йилда биз ўзида барча замонавий мажмуалар – турар-жой бинолар, савдо шохобчалари, дам олиш масканлари, спорт майдонларидан ташқари, таълим муассасаларини ҳам мужассамлаган «шаҳар ичида шаҳарча», яъни Safia Park лойиҳасини амалга оширишга қарор қилдик. Кейинчалик CIS компанияси вакиллари айнан мазкур ҳудудда таълим масканини очиш таклифи билан мурожаат қилганида, уларнинг талаб-истаклари, иш режаларини ўрганган ҳолда ҳамкорлик қилишга келишдик ва барча иншоотлар, мажмуалар мана шу мактаб атрофида қурилганлиги сабабли лойиҳа номини Cambridge Residence деб ўзгартирдик. Бизга маълумки, бир неча минглаб оилалар фарзандлари энг яхши таълимни олиши учун хорижга жўнатишга мажбур бўлишади. Cambridge International School эса ўз яқинларидан йироқ бўлмаган ҳолда энг замонавий билим ва тажрибаларни қўлга киритиш имконини берувчи мукаммал маскандир. Умид қиламизки, мазкур таълим маскани Cambridge Residence шаҳарчасида ўзига хос муҳитни яратиб, инсонларни ҳар томонлама қулай ва бахтиёр ҳаёт кечиришларида ўз ҳиссасини қўшади.















