Спорт | 00:59 / 31.03.2019
6555
2 дақиқада ўқилади

Чимкент ва Тошкент шаҳарлари орасида дўстлик веломарафони ўтказилди

Кеча, 30 март куни Қозоғистонда «Ўзбекистон йили» дастури доирасида Чимкент-Тошкент шаҳарлари орасида веломарафон ўтказилди. Велопойга Чимкент шаҳри марказидан старт олиб Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасигача бўлган 130 километрли масофада ташкил қилинди.

Веломарафонда Ўзбекистон, Қозоғистон шунингдек, бошқа давлат спортчилари иштирок этди.

Беллашув якунида қозоғистонлик Алексей Седоренко марра чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтди.

Чимкент – Тошкент веломарафони, 130 км.

1-ўрин: Алексей Седоренко (Қозоғистон)

2-ўрин: Мэтью Райт (Англия)

3-ўрин: Шоҳруҳ Юнусов (Ўзбекистон)

Велопойга якунида мусобақада иштирок этган энг ёши катта спортчилари ҳам тақдирланди. Жумладан, аёллар орасида Светлана Исаева (50 ёш) ва эркаклардан Хурсанд Шеровга (61 ёш) турли эсдалик совғалари топширилди.

«Тадбир аъло даражада ташкил қилинган. Божхона ва чегара бўйича ҳам муаммо бўлмади. Тошкентга кўп келардим, аммо бундай кенг ва чиройли кўчалардан, бетакрор архитектура ишларидан биринчи бор баҳраманд бўляпман. Оммавий спорт тадбирлари инсонларни бир-бирига янада яқинлаштиради. Бундай тадбирлар икки давлат ўртасидаги кўп асрлик дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлашга катта хизмат қилади. Пойгада ғалаба қозонганимдан хурсандман ва сизларни ҳам ўз юртимизда ўтадиган оммавий спорт тадбирларига чорлаб қоламан», – деган мусобақа ғолиби Алексей Седоренко.

Мавзуга оид