«Алпомиш» достонининг янги талқини тақдим этилди
I Халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасида Умир бахши Сафаров ва Марданоқул Авлиёқул ўғли томонидан ёзиб олинган «Алпомиш» достони китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда фестивал матбуот маркази хабар бермоқда.
Ушбу достон Сурхондарё бахшичилик санъатига тегишли тўртинчи – янги талқини ҳисобланади.
Достонлардаги умумий воқеалар ўзгармаган бўлса-да, улар бир-биридан ҳажм, мотивлар, баъзи эпизодлар бутунлай бошқача бадиий йўсинда тасвирлангани билан ажралиб туради. Умир бахши Сафаров ва Мардонақул Авлиёқул талқинида ҳам шу жиҳатлар яққол кўзга ташланади.
«Китоб тақдимотида сўзга чиққанлар, «Алпомиш» достонининг ўқувчилар қўлига етиб боргунга қадар жараёнлари, асарнинг моҳияти ва бошқа вариантларидан фарқли жиҳатларини айтиб ўтишди. Янги «Алпомиш» достонида воқеалар ўзгармайди, аксинча, бадиий ифодаси жиҳатидан халқ бахшиларининг сўз қочиримлари билан мукамаллашиб, вақт, давр маконга қараб, ижро вақтида бойитиб борилади. Шу сабабли олимлар томонидан уларнинг ҳар бири мустақил бадиий асар сифатида ўрганиб келинмоқда», дейилади хабарда.
Анжуманда Абдуназар бахши Поёновнинг «Олтин қобоқ», Чорша бахши, Шоберди бахши Болтаев ва Абдуназар бахшиларнинг «Малла савдогар» достонлари тақдимоти ҳам ўтказилди.