Яқинда интернет тармоғида “Ўзбекистонда ваҳший қиморбозлик тури, яъни, бўрибосар зотли итларни уриштириш авж олмоқда”, - деган мавзуда катта шов-шув кўтарилган эди. Бу мақола ҳурматли ҳайвонларнинг ҳимоячиларга жавобан битилган.

Маълумки, ҳар бир жонивор зоти асрлар давомида яшайдиган минтақанинг иқлимига, атроф муҳитига, озиқланиш манбаларига ва бошқа бир қатор шарт-шароитларига мослашиб шаклланади. Мослашиш қобилиятлари наслдан наслга ўтиб генетик хоссаларига айланади. Генетик хоссалар жонивор зотининг анатомик тузилишини, ташқи кўринишини, озиқланиш турини, яшаш ҳудудини (ареалини), хулқ-атворини ва бошқаларни белгилайди. Агар юқоридаги шарт-шароитлар узоқ муддат давомида ўзгарадиган бўлса, жониворнинг генетик коди фалажланиб, зот ўзгаради ёки йўқолади. Бу универсал тамойил ўзбек бўрибосарларига ҳам тааллуқли.

Ўтган ўн йилликларда бизнинг мамлакатимиз итбоқарчилигида катта ўзгаришлар содир бўлди. Азалдан минтақавий зотли итларимиз яшаш жойларида итларнинг маданий Европа ва бошқа ҳудудли зотлари пайдо бўлди. Табиий танлов ва миллий наслчилик услублари билан яратилган маҳаллий ўзбек бўрибосари зотлари, бошқа хорижий мамлакатлардан келтирилган итлар билан чатиштирилиб, аста-секин бузила бошлади.

 Ҳозирги вазият таҳлили кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон бўрибосари зоти ачинарли аҳволга тушиб қолди: ит клубларининг бу йўналишдаги фаолияти деярли кўринмайди; йиллар давомида мазкур зотнинг базаси шаклланмаган эди – “қўштириш” жараёни (“вязка”) профессионал даражада бажарилмаган. Натижада, итларнинг кўпчилиги қўрқоқ, бекордан бекорга вовуллайдиган ва зотга мутлақо мос келмайдиган бўлиб қолади.

 Дарвоқе, Осиё республикаларида ўзининг донғи кетган зот турлари мавжуд, масалан: Қозоғистонда - Тобет, Туркманистонда - Алабай, Тожикистонда - Сахий Даҳмард, Қирғизистонда - қирғиз бўрибосари. Шулар каби, бизда ҳам ўзимизнинг Бўрибосаримиз бор-ку ахир! Нима учун биз ўзимизнинг кўп асрлик зотли насл билан фахрлана олмас эканмиз?

Бугун биз ЎЗБЕК БЎРИБОСАРИ зоти генофондини сақлаш зарурати ўта долзарб масалага айланди деган хулосага келиб, ҳақиқий тарафдорларининг кучи билан "ЎЗБЕК БЎРИБОСАРИ" зотини сақлаш Жамиятини яратдик, чунки кўп асрлик тарихига эга бўлган, маҳаллий шароитларга ажойиб мослашган итнинг йўқолиб кетишига йўл қўймаслик лозим деб топдик.

 "ЎЗБЕК БЎРИБОСАРЛАРИ" зотини сақлаб қолиш жамияти 2018 йил 26 февралдан бери фаолият кўрсатмоқда. Ҳозирги кунда жамият қарамоғида 300 бошдан ортиқ ит рўйхатга олинган. Эксперт-кинолог бошчилигида яратилган гуруҳ Тошкент шаҳри, Тошкент вилоятининг Олмалиқ ва Янгийўл туманлари, Самарқанд ҳамда Фарғона вилоятларида мавжуд бўрибосарларнинг ҳозирги жонбошини ўрганиб чиқди. Ўзбек бўрибосарининг стандарти ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.