Жаҳон | 10:30 / 03.04.2019
11340
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистоннинг янги президенти лотин алифбосига ўтиш ҳақида гапирди

© Sputnik / Болат Шайхинов

Қозоғистоннинг янги президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев қозоқ тили лотин ёзувига ўтказилишини ақлий такомиллашишнинг муҳим босқичи деб атади.

«Алифбо танлови — фақат ёзув шаклини танлаш эмас. Бугунги кунда Қозоғистон катта даврдан ортда қолмайди: қўшни давлатлар ҳам лотин ёзувига ўтишган, жаҳонда маълумотларнинг 90 фоизи лотинчада тарқалади. Барчага маълумки, ким маълумотларга эга бўлса, ўша фан ва технологияни ривожлантира олади. Қозоқ тилини лотинчага ўтказиш — ақлий такомиллашишдаги муҳим босқичдир», — деган давлатнинг янги раҳбари.

У қатор жамоатчилик ташкилотлари ва компаниялар аллақачон ўз ишини лотин ёзувида юритишни бошлаганини қўшимча қилган. Тўқаевнинг сўзларига кўра, қозоқ тилини лотин ёзувига ўтказиш босқичма-босқич амалга оширилади.

Республиканинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев 2018 йилнинг апрелида ҳукуматга қозоқ тилидан лотин алифбосига ўтиш графигини тайёрлаш вазифасини топширганди. Янги алифбода 32 ҳарф бўлади ва апостроф бўлмайди. Давлат тилини лотинчага ўтказиш жараёнини 2025 йилгача якунлаш кўзда тутилган.

Мавзуга оид