Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишни имзолади.
Ҳужжат билан қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси фуқаролик қонунчилигини янада такомиллаштиришнинг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланди:
фуқаролик қонунчилиги нормаларини тизимлаштириш ва унификация қилиш, уларнинг энг намунали хорижий амалиётлар билан уйғунлигини таъминлаш, шунингдек, ушбу соҳада илғор халқаро стандартларни имплементация қилиш;
хусусий мулкнинг дахлсизлиги кафолатларини таъминлайдиган, жисмоний ва юридик шахсларнинг, айниқса тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган самарали фуқаролик-ҳуқуқий механизмларни белгилаш;
оммавий ва фуқаролик ҳуқуқ нормаларини аниқ чегаралаш, иқтисодиётни бошқаришда маъмурий-буйруқбозлик тамойилларига асосланган, ўз аҳамиятини йўқотган ва эскириб қолган қоидаларни чиқариб ташлаш;
давлат-хусусий шериклиги, кластерлик ишлаб чиқариши, электрон тижорат, крипто-валюта айланмаси, ер участкаларини хусусийлаштириш, улушли қурилиш ва бошқа замонавий фуқаролик-ҳуқуқий институтлар ва иқтисодий муносабатлар шаклларини ҳуқуқий тартибга солишни таъминлаш.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси маъқулланди.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссия ташкил этилди.











