Республика қишлоқ хўжалигида узумчилик соҳаси ҳам муҳим ўрин тутади. Шу боис сўнгги йилларда узумчиликни жадал ривожлантириш, ҳосилдорлигини ва маҳсулот сифатини ошириш, халқимизнинг узумга бўлган эҳтиёжини қондириш, экспортбоп навларни яратиш ҳамда янги токзорларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Каттақўрғон туманида етиштирилаётган узумлар ҳам ўзининг мазаси билан маълум ва машҳур. Хусусан, узумнинг «Каттақўрғон маскаси» нави шу туманда яратилган.
Туманда узумчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ҳам кўп. Узумчилик аҳолининг асосий даромад манбаларидан бирига айланган. Хўш, айни вақтда туманда бу борада қандай муаммо юзага келган? Токзорлар нега бузиб ташланмоқда?
«Kun.uz» таҳририятига тумандаги шундай бир нечта фермер хўжаликлари раҳбарларидан мурожаат келиб тушди.
«Бизнинг фермер хўжаликларимиздаги токзорлар ҳокимият вакиллари томонидан аёвсизларча бузиб ташланмоқда. ММТП раиси барчани маҳалла фуқаролар йиғинига чақириб, мажбуран ариза ёздириб олмоқда. Баъзилар ёзди, баъзилар ёзмади. Шунга қарамай, бизга ҳеч қандай ҳужжат кўрсатишмасдан фермер хўжалигимиз ҳудудидаги токзорларни трактор билан бузишмоқда. Ҳеч кимга ҳеч қандай тушунтириш берилаётгани йўқ», – дейилади «Каттақўрғон маскаси» ММТПга бириктирилган фермер хўжаликлари раҳбарларидан келган мурожаатда.
Ушбу мурожаатни жойида ўрганиш мақсадида Каттақўрғон туманида бўлиб, вазиятга ойдинлик киритдик.

Дастлаб, туманнинг Полвонтепа маҳалласи ҳудудидаги фермер хўжаликларидаги ҳолатни кўздан кечирдик. Бу ерда 8 гектарлик токзор туман ҳокими қарорлари билан бир неча фермер хўжаликларига тақсимлаб берилган экан. Ҳақиқатан ҳам токзорлар аёвсизларча бузиб ташланган. Ток таналари бир четда уюлиб ётибди. Фермерларнинг эса фиғони фалак.

«Йигирма йилдан буён узумчилик соҳасида ишлаб, бундай шафқатсизликни кўрмаганман. ММТП раиси Илҳом Муҳаммадиев ички ишлар ходимлари билан келиб, «Ерни топширасан, ҳокимнинг буйруғи бор, бўлмаса ўзингга ёмон бўлади», деб мажбурлаб ариза ёздириб олди. Қолаверса, раис «шундай топшириқ бор», деб бирор ҳужжат кўрсатмасдан далага трактор солди. Тўсқинлик қилишимиз ҳам фойда бермади. Кўриб турганингиздек, неча йиллик меҳнатимиз самарасини бир кунда кўкка совуришди», – дейди Ғайрат Тожиев.
Ушбу эътирозлар юзасидан «Каттақўрғон маскаси» ММТП раиси Илҳом Муҳаммадиев билан боғландик ва токзорлар нега бузилгани, бу ҳақида бирор ҳужжат ёки қарор бор-йўқлигини сўрадик. Раис ўзида ҳужжат йўқлигини, аммо ҳокимиятдан шундай топшириқ берилганини билдирди. Ким топшириқ бергани ҳақида эса тайинли изоҳ ололмадик.


















