Дам олиш кунлари Европанинг «Кучли бешлик» чемпионатларида навбатдаги тур ўйинлари ўтказилди. Англияда етакчилар ҳамон қувлашмачоқни давом эттиришмоқда. Ла Лигада 32-тур «Барселона»нинг очко йўқотиши билан ёдда қолди. Италия ва Францияда етакчилар чемпионликни нишонлаш имконини қўлдан бой беришди. Қуйида ҳафтанинг шу ва бошқа эсда қоларли воқеаларини эслаймиз.

Англия

«Мушук-сичқон» ўйини давом этди

Англияда чемпионлик учун рақобат шунчалик қизидики, етакчи соатига алмашмоқда. 34-турда «Кристал Пэлас» меҳмони бўлган «Манчестер Сити» 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва турнир жадвалида етакчига айланиб олди. «Пэлас» биринчи даврада «Сити»ни «Иттиҳод»да 3:2 ҳисобида мағлуб этиб, чемпионлик пойгасига бевосита таъсир қилганди. Бироқ «Ливерпуль» собиқ мураббийи Рой Хожсон жамоаси бу гал «Сити»ни оёғидан чала олмади.

34-турнинг мараказий баҳсида «Челси»ни қабул қилган «Ливерпуль» эса тур ўйинини «Сити»нинг ўйини тугашидан 30 дақиқа ўтиб бошлади ва ғолиб бўлди. Шу тариқа Клопп жамоаси очколар сонини 85 тага етказиб, жадвалда яна етакчига айланди.

Бироқ «Ливерпуль» ҳам фақат вақтинча етакчига айланди. Чунки ҳозирда 83 очко тўплаган «Манчестер Сити» ҳисобида битта захира ўйини бор ва 25 апрель куни Гвардиола жамоаси «Олд Траффорд»да «МЮ» меҳмони бўлади. Қолдирилган мақомида бўлган бу ўйинда амалда АПЛ чемпионлиги тақдири ҳал бўлади.

Салоҳ барчани ички хотиржамликка чорлади ва «Челси» мухлисларига муносиб жавоб берди

Юқорида «Ливерпуль» ҳафтанинг марказий баҳсида «Челси»ни қабул қилганини айтдик. Бу баҳсда Муҳаммад Салоҳ қаҳрамон бўлди. У собиқ жамоаси дарвозасига фантастик гол урди ва голини «ички хотиржамликка» чорлаб нишонлади. Салоҳ олдинги сафар «Челси»га гол уриб, голини нишонламаганди. Бироқ бу гал голни нишонлашга сабаб бор эди...

«Челси»нинг Европа Лигаси доирасидаги «Славия»га қарши ўйинида сўнг Прагадаги барлардан бирида «Челси» мухлислари «Salah is a bomber» (Салоҳ бомба портлатувчи, қўпорувчи) деб қўшиқ куйлашганди... Балки Салоҳ уларга эътибор ҳам бермагандир, лекин унинг супер голи «Челси» мухлисларига «совға» бўлди.

Қутқарувчи Моура

«Тоттенҳэм» Чемпионлар Лигаси чорак финалининг биринчи ўйинида «Манчестер Сити»ни мағлуб этди, лекин ўша куни жамоанинг икки асосий етакчилари Харри Кейн ҳамда Деле Аллилар жароҳат олишди. Бироқ Кейн ўтган сафар жароҳат олгани каби бу сафар ҳам Кейнсиз «Тоттеҳэм» ғалаба қозонди (олдинги сафар Кейн жароҳат олганда «Тоттенҳэм» АПЛда учта ғалабали серия қайд этганди).