Туркиянинг Анталия шаҳрига амалий ташриф доирасида президент Шавкат Мирзиёев ўзи учун ажратилган қароргоҳда Яшил иқлим фонди ижрочи директори Мафалда Дуэрте билан учрашди.

Мулоқот чоғида иқлим ўзгаришига мослашиш борасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда иқлим молияси маблағларини жалб этиш масалалари кўриб чиқилди.

Жамғарма билан шериклик алоқалари мустаҳкамланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Қўшма лойиҳалар портфели 200 миллион доллардан ошди.

Давлат раҳбари Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига чидамли ландшафтларни яратиш бўйича минтақавий дастур маъқулланганини олқишлади.

Мамлакатимиз молия институтларининг фонд ресурсларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш, Ўзбекистонда иқлимга оид, шу жумладан, Оролбўйини экологик жиҳатдан тиклаш ҳамда “яшил” шаҳарларни ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли инвестиция дастурини шакллантириш муҳимлиги таъкидланди.

Учрашув якунида шерикликни мустаҳкамлаш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишилди.