Ямандаги «Ансоруллоҳ» (ҳусийлар) ҳаракати Саудия Арабистони объектларига қарши тўртта ҳарбий амалиёт ўтказганини маълум қилди. Нишонлар қаторида Ар-Риёздаги халқаро аэропорт, «Saudi Aramco» нефть компанияси объектлари ҳамда Саудия пойтахтининг молия маркази бўлган. Бу ҳақда ҳаракатнинг ҳарбий вакили Яҳё Сария маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳужумлар давомида баллистик ракеталар ва дронлардан фойдаланилган. Биринчи амалиёт Ар-Риёздаги Қирол Холид номидаги халқаро аэропорт ҳамда «Шарқ — Ғарб» нефть қувурининг бир нечта насос станциясига қаратилган. Сариянинг таъкидлашича, зарбалар оқибатида объектларда ёнғинлар келиб чиқиб, уларга зарар етган.
Иккинчи нишон мамлакат шарқидаги Абқайқ шаҳрида жойлашган «Saudi Aramco» объекти бўлди. Ҳусийлар вакилининг айтишича, учинчи амалиёт Яман жануби-ғарбидаги Ал-Мудариба ва Рас ал-Ара туманларида тўпланган Саудия ҳарбийларига қарши қаратилган. Тўртинчи нишон эса Ар-Риёздаги молия маркази бўлди. Сария ҳарбий марраларга берилган зарба оқибатида кўплаб ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлгани ва яралангани ҳақида баёнот берди.
Шунингдек, ҳаракат вакили хорижий компаниялар ва инвесторларни ўз капиталларини Саудия Арабистонидан олиб чиқиб кетишга ҳамда сармояларини бошқа мамлакатларга йўналтиришга чақирди. У Яманга қарши ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилмагунча ва қамал бекор қилинмагунча ҳужумлар давом этиши билан таҳдид қилди.
Саудия Арабистони ҳусийлар баёнотини ҳозирча изоҳламади.













