17:44 / 16.04.2019
18028

ХТВ ўқувчини урган ўқитувчи ҳақидаги хабарлар юзасидан изоҳ берди

Фото: KUN.UZ

Интернет нашрларида эълон қилинган “Мактабда жанжал: Тошкентда директорнинг қариндоши ўқувчиларни аёвсиз калтаклаяпти” журналистик суриштирувига Халқ таълими вазирлиги изоҳ билдирди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 19 мартида Учтепа туманидаги 245-умумтаълим мактабида 2-“В” синф ўқувчиси А. А.ни синф раҳбари Н.Т. доскага чақирган. У ўқувчининг жавобидан қаноатланмасдан танбеҳ бериб, унинг қўлига урган. Шу куни ўқувчининг онаси мактабнинг ўқув-тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари Ғ.Абдуллаевга фарзанди билан содир бўлган ҳолат юзасидан шикоят қилган.

Мактабнинг ЎТИБДЎ Ғ.Абдуллаев синф раҳбари ва ўқувчининг онаси билан суҳбатлашган. Суҳбат якунида ўқувчининг онаси ушбу ҳолат юзасидан эътироз билдирмаслигини маълум қилиб, мактаб раҳбариятига бошқа мурожаат қилмаган.

Лекин ўқувчининг бувиси ОАВга мурожаат қилиши натижасида, 1 апрель куни журналистлар мактабга келиб, ҳолат юзасидан суриштирув олиб борган, дейилади вазирлик хабарида.

Билдирилишича, содир бўлган ҳолат мактабнинг педагогик жамоаси ўртасида 2019 йилнинг 1 апрель куни ўтказилган ишлаб чиқариш йиғилишида муҳокама этилган. Бошланғич синф ўқитувчиси Н.Т. билан меҳнат шартномаси бекор қилинган. Ўқувчи А.А. онасининг аризасига кўра 2-“В” синфидан 2-“Б” синфига ўтказилган.

Top