Ортда қолаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид шу ва бошқа айрим мавзулари – Kun.uz дайжестида.

Алифбони тузатиш масаласига нуқта қўйилди

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги тўртта ҳарф масаласига қонун даражасида узил-кесил нуқта қўйилди. Техник жиҳатдан қусурли деб кўриладиган O‘, G‘, Sh, Ch ҳарфлари “бир товуш – бир ҳарф” тамойили асосида яхлит ҳарфларга (Ö,Ğ, Ş, Ç) алмаштирилди. Бу ҳақдаги қонун 21 октябр – Ўзбек тили байрами кунида президент томонидан имзоланди.

Қонун 6 ойдан кейин – 2027 йил 22 апрелдан бошлаб кучга киради. Вазирлар Маҳкамаси 2 ой муддат ичида қонун ижросини таъминлашга оид чоралар дастурини тасдиқлаши керак. Давлат органларининг рамзий белгилари, герб тасвирлари, пешлавҳалар, кўрсаткичлар ва бошқа ашёлар яроқсиз ҳолга келган пайтда ёки ҳукумат дастурида белгиланадиган муддатларда такомиллаштирилган алифбога ўтказилади.

Бу тўртта ҳарфнинг диакритик белгили шакли 1993 йилда қабул қилинган ўзбек-лотин алифбосида бўлган, лекин 1995 йилда улар апострофли ва ҳарф бирикмали шаклга ўтказилган. Кейинчалик – компютерлар ва телефонлар оммалашиши билан бу ҳарфлар амалиётда турли муаммоларни келтириб чиқара бошлаган. 2016 йилда ҳокимият ўзгаргач, кейинги йилларда алифбони ислоҳ қилиш бўйича ишчи гуруҳ тузилди. Ишчи гуруҳ қизғин баҳслар асосида турли вариантларни ишлаб чиқиб, 2018, 2019, 2021, 2023 ва 2026 йилларда бир-биридан фарқли хулосаларни илгари сурди, ниҳоят жорий йилдаги таклиф якунда қонун кўринишини олди.

2023 йил июлида давлат раҳбари алифбони такомиллаштириш бўйича ишларни якунига етказишга чақирган