«Бекорга ўқитувчиликни танлабман», деб йиғлаган устоз
26 йиллик педагогик фаолияти давомида устоз кўплаб ўқувчилар билан ишлади. Аммо бир ўқувчиси билан боғлиқ воқеа унинг хотирасида алоҳида қолган.
«Бир ўқувчим рангларни ҳам ажрата олмасди. Уни бир ҳафта давомида алоҳида ўтириб, рангларни танишга ўргатдим. Боланинг ўзлаштириши учун қўлимдан келганича ҳаракат қилдим. Лекин ота-онаси келиб, “ўғлимга қаттиққўллик қиляпсиз”, “ўғлимни қўрқитиб қўйгансиз”, деган гапларни айтди. Бу менга жуда оғир ботди. Чунки шу пайтгача 26 йил давомида бундай ўқувчини ҳам, бундай ота-онани ҳам учратмаган эдим».
Бу воқеа уни бир муддат касбидан воз кечиш ҳақида ўйлашга мажбур қилди. Аммо болаларга бўлган меҳри ва касбига садоқати устун келди. Устоз бугун ҳам ота-она ва ўқитувчи ўртасидаги тушуниш муҳимлигини таъкидлайди.
«Ўзимиз фарзандимиздан ортиқ меҳрни, ўзимиз фарзандимиздан ортиқ вақтни бошқа одамларнинг фарзандига бағишлаймиз», - дейди у.
«Ҳар доим боланинг ёнида бўлиш керак»
Ўқитувчи учун боланинг фақат дарсдаги ўзлаштириши эмас, унинг қандай муҳитда улғаяётгани ҳам муҳим. Суҳбатдош устознинг айтишича, баъзан яхши, одобли ва ақлли боланинг ортида соғлом бўлмаган оилавий муҳит ва қўрқув яширин бўлиши мумкин.
«Шунақа вазиятлар бўлади: соғлом муҳитда катта бўлмаган фарзандлар учрайди. Ҳар битта бола соғлом муҳитда катта бўлишга ва ҳар қандай имкониятдан фойдаланишга ҳақли. Бола яхши, одобли, ақлли, лекин муҳити соғлом эмас. У шу муҳитда катта бўляпти, лекин унда қўрқув бор. Ана шу қўрқувни бартараф қилиш, болага ёрдам бериш керак. Боланинг ўзи билан оиласи ҳақида гаплашиб кўрганман. “Сени ҳеч ким урмайдими, хафа қилмайдими?” деб сўраганман. Шунақа болаларни кўрганда йиғлагим келади. Болаларни қўллаш, уларни эшита олиш керак. Ҳар доим боланинг ёнида бўлиш керак», - дейди устоз.
«Меҳрсиз ўсаётган болаларга жуда ачинаман»
Устознинг айтишича, ўқитувчиликдаги энг оғир жиҳатлардан бири — баъзи ота-оналар фарзанди тарбияси ва таълимидаги масъулиятни тўлиқ ўқитувчи зиммасига юклаши. Бу эса вақт-вақти билан тушунмовчиликларга сабаб бўлади.
«Баъзан ўз болаларимизни қолдириб, ўқувчилар деб келамиз. Ўзимизга, шахсий ҳаётимизга вақт қолмайди, ҳатто ўз фарзандларимиз ҳам эсимиздан чиқиб кетади. Мени ранжитадиган томони — баъзи ота-оналар ҳамма нарсани ўқитувчига юклаб қўяди. “Сен қилмадинг”, “сен ўқитмадинг”, дейди. Ҳолбуки, тарбия биринчи навбатда уйдан берилади. Бола меҳрни хоҳлайди, эътиборни истайди. Баъзи болалар эътиборни ўзига жалб қилиш учун шўхлик қилади, айтганни қилмайди. Чунки уйда ололмаган меҳр ва эътиборини мактабда, дарс жараёнида биздан олишни хоҳлайди. Катта синфларда буни унчалик кўрмаганман. Улар ўзини тутишни, ҳис-туйғуларини ичга ютишни билади. Кичик болалар эса бундай эмас. Шунинг учун меҳрсиз ўсаётган болаларга жуда ачинаман», - дейди устоз.







