«Ювентус» қаторасига 8-марта Италия чемпиони бўлди. Бу мавсумда жамоа мусобақа якунланишига 5 тур қолганида Скудеттони қўлга киритди. «Фиорентина»га қарши ўйиндаги иродали ғалабадан сўнг, «Наполи» туринликларни қувиб етолмаслиги ойдинлашди.
6-дақиқадаёқ «Фиорентина» гол урди. Кьеза тўпни жарима майдонига етказганида Миленкович уни кучли зарба билан дарвозага йўллади. Шундан сўнг, «Ювентус» ташаббусни қўлга олишга уринди. «Фиорентина» эса қарши ҳужумларда хавфли ўйнади. Икки марта Кьезанинг зарбасидан сўнг, тўп дарвоза устунига тегди. 37-дақиқада туринликлар ҳисобни тенглаштиришди. Бурчак зарбасидан сўнг, Алекс Сандро боши билан тўпни дарвозага киритди.
Иккинчи бўлимда «Ювентус» тўпни назорат остига олди. Натижада жамоанинг ўйини қовуша бошлади. 53-дақиқада эса «Фиорентина» дарвозаси ишғол қилинди. Роналду тўпни жарима майдонига етказганида, Пеццелья уни қайтараман деб, ўз дарвозасига киритиб юборди. Шундан сўнг, ҳар иккала жамоада бир қанча вазиятлар юзага келган бўлса-да, дарвозабонлар бошқа хатога йўл қўймай, ишончли ўйнадилар.
Ўйиндан кейин «Ювентус» чемпионликни ўз мухлислари олдида нишонлади.
«ИНТЕР» ВА «РОМА» ЎЙИНИДА ЖАНГОВАР ДУРАНГ ҚАЙД ЭТИЛДИ
«Интер» ўз майдонида «Рома» билан ўйнади. Кескин курашларга бой ўтган баҳс 1:1 ҳисобидаги дуранг натижа билан якунланди.
Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашаётган «бўрилар»га ғалаба жуда зарур эди. Улар 14-дақиқада ҳисобни очишди. Эл-Шаарави узоқ масофадан кучли зарба йўллаб, чиройли гол уришга муваффақ бўлди. Аммо «Рома» бу муваффақиятни ривожлантира олмади.
«ЛАЦИО» КУТИЛМАГАНДА АУТСАЙДЕРГА ЮТҚАЗДИ, «МИЛАН» ҲАМ ОЧКОЛАРНИ ЙЎҚОТДИ
Чемпионлар Лигаси йўлланмасини берувчи 4-ўрин учун кечаётган баҳслар жуда қизғин бўлмоқда. Айни пайтда, «Милан», «Рома», «Аталанта», «Торино» ва «Лацио» клублари келаси мавсумда нуфузли турнирда иштирок этиш учун курашяпти. Қайд қилиш жоизки, бу жамоаларнинг ҳеч бири барқарор ўйин кўрсата олаётгани йўқ. Натижада, вазият ҳар турда ўзгариб бормоқда.
«Милан» сафарда «Парма» билан беллашди. Ўйин хавфли вазиятларга бой бўлмади. Жамоалар ҳужумкор ўйин ўрнига, ҳимоявий услубда тўп тепишни маъқул кўришди. 69-дақиқада «россонери» ҳисобни очди. Сусо ўнг қанотдан тўпни жарима майдонига етказганида, Кастильехо боши билан дарвозага аниқ зарба йўллади. Беллашув «Милан» фойдасига ҳал бўлишга яқин эди. Аммо «Парма» сўнгги дақиқаларда мағлубиятдан қутулиб қолди. Бруну Алвеш жарима зарбасини қойилмақом тарзда бажариб, чиройли гол уришга эришди. Натижада, «россонери» муҳим очколарни бой берди.
Энг кутилмаган натижа Римда юз берди. «Лацио» ўз майдонида А Серияни тарк этиб бўлган «Кьево» билан ўйнади. 34-дақиқада мезбонлар яримҳимоячиси Милинкович-Савич жуда қўпол ҳаракати учун майдондан четлатилди. Бу эса «Лацио»га қимматга тушди. 2-бўлим бошида «Кьево» Виньято ва Хетемай сайъ-ҳаракати билан 2 дақиқа ичида 2 марта мезбонлар дарвозасини ишғол қилди. Орадан 15 дақиқа ўтгач Кайседо гол уриб, ҳисобни қисқартирди. Бироқ, «Лацио» бундан ортиғига эришолмади ва аутсайдерга ютқазиб қўйди.
«Торино» сафарда «Женоа» билан ўйнаб, Ансальди томонидан урилган гол эвазига 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Натижада, жамоа Чемпионлар Лигаси ҳудудига яқинлашиб олди.
«Наполи» - «Аталанта» ўйини бугун, 22 апрель куни ўтказилади.
«Ювентус», Аллегри ва Роналду бир қанча рекордларни янгилашди
«Ювентус» қаторасига 8-марта Италия чемпиони бўлди. Натижада жамоа, бош мураббийи Массимилиано Аллегри ва ҳужумчи Криштиану Роналду бир қанча рекордларни ўзгартиришди.
Opta хабарига кўра, «Ювентус» 2002-2008 йиллар давомида Франция чемпионатида қаторасига 7 марта ғалаба қозонган «Лион» кўрсаткичидан ўзиб кетди ва топ-5 лигалар рекордини янгилади.
Туринликлар устози Массимилиано Аллегри қаторасига 5 марта бир жамоа билан чемпион бўлган Европа топ-5 лигалари тарихидаги иккинчи мураббий бўлди. Биринчи бўлиб бундай кўрсаткичга «Реал» бош мураббийи Мигель Муньос 1961 – 1965 йилларда эришган эди.
Шунингдек, Роналду Англия, Испания ва Италия чемпионатларида ғалаба қозонган тарихдаги илк футболчига айланди. 34 ёшли португалиялик бунга қадар «Манчестер Юнайтед» таркибида Англия, «Реал» билан эса Испания чемпиони бўлишга эришганди. Энди Роналдунинг шахсий жамғармасида АПЛнинг 3та, Ла Лиганинг 2та ва А Сериянинг 1та олтин медали бўлади.