Ўзбекистон | 11:30 / 23.04.2019
12116
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қирғизистон Подшоота дарёсидан биргаликда фойдаланишни муҳокама қилмоқда

Фото: АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси

Марказий Осиёнинг юқори ва қуйи давлатлари ўртасида биргаликдаги сув ресурслари устидан маҳаллий бошқарув, эгалик ва ҳамкорликни кучайтиришга ёрдам бериш мақсадида Қўшма Штатлар Наманган шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистон Подшоота дарёси кичик ҳавзаси кенгашининг иккинчи қўшма йиғилишини ўтказишга кўмаклашди, деб хабар бермоқда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси. 

Билдирилишича, учрашув умумий сув ресурслари бўйича минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Марказий Осиё Минтақавий экологик маркази (CAREC) амалга ошираётган Америка Қўшма Штатлари Халқаро Тараққиёт Агентлигининг (USAID) «Smart Waters» лойиҳаси кўмагида ташкил этилган.

Марказий Осиёда сувдан унумсиз фойдаланишни келтириб чиқарадиган ёмон инфратузилмалар ва эскирган технологияларни ўз ичига олган бир қатор муаммоларга дуч келган 200 дан ортиқ кичик трансчегаравий дарёлар мавжуд. Фарғона водийсида жойлашган ва Қирғизистон Республикаси билан Ўзбекистон ўртасида кичик трансчегара дарёси бўлган Подшоота “Smart Waters” сув ресурсларини яхшироқ бошқаришни ривожлантирадиган саккизта тажриба участкаларининг биридир. Умумий сув ресурсларини биргаликда бошқариш адолатли ва тенг тақсимлашни таъминлаш ҳамда чегаралар бўйлаб низо ва зиддиятларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга, дейилади хабарда.

USAID’нинг Ўзбекистондаги директори Гэри Роббинс шундай деди: “Самарали трансчегавий сув ресурсларини бошқариш ва ҳамкорлик Марказий Осиёнинг ижтимоий ва иқтисодий ривожланиши ва барқарорлиги билан узвий боғлиқ. Бугунги учрашув Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида умумий сув ресурсларини биргаликда бошқаришда ижобий қадамдир. Бутун дунёда Ер куни нишонланаётган ушбу кунда барчамиз шу ерга тўпландик ва сайёрамиздаги энг қимматбаҳо манба – сувдан оқилона фойдаланишга масъул эканимизни ёдга олдик”.

Учрашувда давлат ва нодавлат ташкилотларининг вакиллари сув ресурсларини бошқариш соҳасидаги ҳамкорликни, шу жумладан дарё қирғоқларини муҳофаза қилиш, қирғоқлардаги сув оқими кўтарилишининг олдини олиш ва тақсимлаш тизимини яхшилаш бўйича чораларни муҳокама қилишди.

“Smart Waters” фуқаролик жамияти вакиллари, маҳаллий ҳукумат идоралари, соғлиқни сақлаш ва фавқулодда ҳолатларга масъул ташкилотлар, шунингдек фермер ва бошқа сувдан фойдаланувчиларни конструктив мулоқотлар ҳамда биргаликдаги ҳаракатлар учун умумий ечимларга чорлайдиган сув ресурсларини бошқариш соҳасидаги инклюзив ва иштирокчи ёндашувини ривожлантириш ва кичик ҳавза кенгашларини яратиш устида маҳаллий жамоалар билан ҳамкорликда иш олиб боради.

Мавзуга оид