«Аякс» ҳайрон қолдиришда давом этяпти. Бу эса, жамоа атрофидаги турли мулоҳазаларга сабаб бўлиши табиий. Кимдир 90-йиллардаги «Аякс» қайтганини айтса, яна кимдир Европада янги куч пайдо бўлаётганини иддао қилмоқда. Келаси мавсумда жамоанинг асосий юлдузлари сотилиб кетишини ўйлаб, уларга ачинаётганлар ҳам бор. Аввалроқ, «Манчестер Юнайтед» ҳақидаги мақолаларда «Аякс» номи тилга олина бошланди ва 2017 йилдаги Европа Лигаси финали эсланди. Ўшанда бу икки жамоа майдонга тушган ва инглизлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. «Икки йилда «МЮ» қанақа аҳволга тушди-ю, «Аякс»нинг етиб келган жойини қаранг. Мана менежмент, дейилади» баъзи мулоҳазаларда.

Биласизми, мен бу фикрларнинг бирортасига ҳам қўшилмайман ва «Аякс»нинг натижаларидан қандайдир оламшумул тенденция қидиришдан йироқман. Ўша 2017 йилда амстердамликларни бошқарган Питер Бош жамоани тарк этиб, Дортмундга борди ва у ердан истеъфога чиқиб ҳам улгурди. Ҳозир «Байер»да ишлаяпти. «Аякс»нинг ҳозирги мураббийи Эрик Тен Ҳааг билан Бошнинг орасида эса, яна икки мураббий ишлаб улгурди. Эрикнинг «Аякс»га келганига энди бир йилдан ўтди, холос. Ўша финал ўйинида «Аякс»нинг етакчи ўйинчиларидан бири бўлган Давинсон Санчес ҳозир «Тоттенҳэм»да, Деви Классен эса «Вердер»да... Ўша жамоанинг ҳужумдаги етакчиси Каспер Дольберг эса, асосий таркибдаги ўрнини Давид Нересга бўшатиб берган. Бугунги етакчи Тадич «Аякс»даги илк мавсумини ўтказяпти.

Яъни, «Аякс»ни уч йил Луи ван Гаал қўл остида маълум даражага етиб, Европани забт этган «Аякс-95»га ўхшатиш ҳам, жамоани 2017 йилдаги кўчатларнинг меваси сифатида қараш ҳам хато, менимча.

«Аякс» ўша биз билган ҳар доимги «Аякс». Ҳар доимгидек ёш юлдузчалар етарли бўлган, чиройли ўйин намойиш этадиган голланд жамоаси. Улар йигирма йилдан бери қилиб юрган ишларини давом эттиришмоқда, бу йилги натижа қандайдир ўзгариш, қандайдир доҳиёна тизим ёки муносабат маҳсули эмас.

«Манчестер Юнайтед» ёки «Барселона»да академиядан Маттейс де Лигт каби ҳимоячи чиқиб, суперюлдузга айланишини кутиш ҳам хато. Чунки топ-жамоаларда футболчига 16 ёшдан имкон берилмайди, 18 ёшда у жамоа сардорига айлантирилмайди. «Аякс» доим бундай сиёсатда ишлай олади, чунки ҳар 20 йилдаги мана шундай муваффақият бутун Европа уларга тан бериши учун етарли. Топ-жамоаларда бундай устунлик йўқ, улар ҳар йили, ҳар ўйинда кучли бўлишлари керак, ҳар сафар даъвогар мақомида қолишлари шарт. Шунинг учун ҳам, улар доимий равишда академиядан юлдуз ясашга уринмайдилар ҳам, ундан кўра тайёр юлдузларни сотиб олиш арзонроққа тушади ва натижага салбий таъсир кўрсатмайди.

Демак, «Аякс» тизимини футболда тренд сифатида қабул қилиш тўғри бўлмайди. Бугунги шароитларда ҳеч қайси топ-клуб бу йўлдан бормайди. «Аякс» ўзи каби «ПСВ» ёки «Порту» каби ўзига ўхшаган жамоаларга ўрнак бўлиши мумкин, шундоқ ҳам бу жамоаларнинг ишлаш принциплари аввалдан ўхшаш. Жамоа таркиби ҳам «таламон» бўлиб кетишига ишонмайман. Де Лигт ва Де Йонг шундоқ ҳам топ-клублар нишонида эди. Булар сафига яна ван де Бек ва Нерес қўшилар балки. Зиёш ва Тадич каттароқ ёшда ва улар бошқа клублардан келишган. Блинд ва Шёне фаолиятларини шу ерда тугатишса керак.