Биринчи бўлим статистикасига ўйинда голлар кўп бўлиши мос эмасди. Икки жамоа учун жами 6та зарба, 3таси аниқ (2та «Челси»да, 1та «Аякс»да).

Лекин «Аякс» 3:1 ҳисобида олдинда эди! Иккита автогол бу ўйин ноодатий ўйинлардан бўлишини кўрсатаётганди.

«Аякс»нинг 1-голи: Квинси Промес чап қанотдан жарима зарбасини ижро этди; Абраҳам тўпни узоқлаштириш мақсадида сакради, аммо тўп рикошет орқали Кепа қўриқлаётган дарвозага бориб тушди. Дарвоқе, бу «Челси»нинг жорий мавсумдаги энг яхши тўпурарининг иккинчи автоголидир;
«Челси»нинг 1-голи: Пулишич рақиб жарима майдонига ёриб кирганида қўполлик билан тўхтатилди, ҳакам нуқтани кўрсатди. Штатдаги пенальтичи Жоржиньо ўз услубида дарвоза бурчаги томон аниқ зарба йўллаб, ҳисобни тенглаштирди.
«Аякс»нинг 2-голи: Зиёш ва Нерес ўнг қанотдан комбинация уюштирди, кейин марокашлик бирдан тўпни узоқ бурчак томон ташлади – Промес сакраб тўпни бош билан дарвоза тўрига жойлади;
«Аякс»нинг 3-голи: Зиёш ўнг қанотдан жарима зарбасини ижро этди – яна узоқ бурчак томон йўналтирилган тўп тўсиндан қайтиб Кепанинг бошига тегди ва яна дарвоза ичига кириб кетди. 

«Челси» биринчи марта ЕЧЛ ўйинида биринчи бўлимдаёқ ўз дарвозасидан 3 гол ўтказди. 

Иккинчи бўлимда кўп ақлсизликлар бўлиб ўтди.

55-дақиқа: ван де Бек жарима майдони ҳудудида тўпни тўхтатди (бу сафар ҳам Зиёш пас муаллифи) ва Кепани ожиз қолдирди. 1:4. Барчасига нуқта қўйилгандек эди.

63-дақиқа: «Челси» камбэкни бошлади. «Старт» тугмасини жамоа сардори Аспиликуэта босди, Абраҳамнинг зарбаси бироз хато кетаётгандек кўринганида испаниялик футболчи тўпга улгурди ва бир метр масофадан бўш қолган дарвозани ишғол қилди. Бу вақтдаги минимал офсайдни ҳеч ким сезмади, амстердамликлар ҳисоб 4:1 бўлиб турган вазиятда ортиқча баҳслашиб ўтиришмади. Энди ҳисоб 2:4 эди.