Ўзбекистон | 08:24 / 02.05.2019
8281
3 дақиқада ўқилади

Солиқ низоларини судгача қандай ҳал қилиш мумкин. Йўриқнома

Фото: Dreamstime

Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси Давлат солиқ қўмитасининг янги тузилмаларидан биридир, деб хабар қилмоқда ДСҚ матбуот хизмати.

Солиқ тўловчилар ушбу бошқарма фаолиятидан тўлиқ бохабар бўлмаслиги табиий, албатта. Шу боис бу ҳақда батафсил маълумот берилади.

Президентнинг 2018 йил 26 июндаги «Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3802-сонли қарорига асосан ташкил этилган Давлат солиқ қўмитасининг Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси ҳудудий давлат солиқ бошқармаларида ҳам қуйи тузилмаларга эга.

Мазкур бошқарма ўз фаолиятида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг қўлланилиши ва бузилишини аниқлашда солиқ тўловчилар ҳамда давлат солиқ хизмати органлари ўртасида юзага келадиган низоларни кўриб чиқади.

Давлат солиқ хизматининг юқори турувчи органига шикоят тарзидаги мурожаатни солиқ тўловчи ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари поймол этилгач, ёзма ёки электрон шаклда йўллаши мумкин. Бошқарма ходимлари 15 кундан 30 кунгача бўлган даврда шикоятни тўлиқ текшириб чиқадилар ва натижаси бўйича солиқ тўловчига жавоб йўллайдилар.

Шикоятни кўриб чиқиш жараёнида мурожаат қилган шахснинг ортиқча оворагарчилигига йўл қўймаслик мақсадида унинг иштироки талаб этилмайди ва ҳеч қандай молиявий сарф-харажат сўралмайди. Бу эса солиқ тўловчининг вақти ва пули тежалишига хизмат қилади.

Солиқ тўловчи низоли ҳолат бўйича ўз шикояти билан аввало, вилоят ёки шаҳар солиқ органлари бошқармаларига, агар ушбу ҳудудий бўлинмалар орқали солиқ низолари бартараф этилмаган тақдирда, тўғридан-тўғри Давлат солиқ қўмитасига ёзма ёки soliq.uz веб-сайтидаги шахсий кабинет орқали электрон тарзда мурожаат этиши мумкин.

Агар шунда ҳам солиқ тўловчи қаноатланмаса, у ҳолда бевосита судга ёки Молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасидаги солиқ низоларини судгача ҳал қилиш кенгашига мурожаат қилади.

Молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасидаги солиқ низоларини судгача ҳал қилиш кенгаши томонидан тортишувли ёки баҳсли ҳолатлар аниқланган тақдирда Вазирлар Маҳкамасига солиқ қонунчилигига ўзгартириш киритиш юзасидан мурожаат йўлланади.

Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси томонидан ҳар қандай мурожаат ҳаққоний ва холис тарзда, ҳеч бир томонга ён босмаган ҳолда кўриб чиқилади.

Шу боис бошқарма фаолиятида қонун устуворлиги ва тезкорлик – асосий мезон этиб белгилаб олинган, дейилади хабарда.

Мавзуга оид