«Advokatnews» нашри бепул юридик ёрдам мавзусига бағишланган давра суҳбати ҳақида ёза туриб, қизиқ бир фактни келтирган. Тадбирда қатнашган Молия вазирлиги департаментининг бош иқтисодчиси Любовь Александровна 2009 йилдан 2018 йилни ҳам ичига олган давргача жиноят ишлари бўйича давлат бюджетидан 75 миллиард сўм ажратилгани, маблағлар қандай сарфланаётганини текшириш мақсадида Тошкент шаҳри ва вилоятига чиқилгани ҳамда мантиққа зид ва ақлга сиғмайдиган далилларни аниқлагани ҳақида айтиб берибди.

Масалан, Зангиота туманида бир адвокат 2 январь куни бир кунда 162 одамга хизмат кўрсатган. «Бу ҳақиқатга тўғри келадими?» дея ҳайратини яшира олмаган Молия вазирлиги вакили.

Таъкидлаш жоиз, бу ерда «хизмат кўрсатиш» деганда, мижозларга шунчаки ҳуқуқий консультация бериш назарда тутилмаяпти. Гап жиноят ишлари доирасида (фуқаролик, маъмурий ёки иқтисодий ишларда эмас) гумонланувчи, айбланувчи ва судланувчига давлат ҳисобидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи адвокатлар ҳақида кетмоқда.

Қандай ҳолларда адвокат учун давлат ҳақ тўлайди?

Жиноят-процессуал кодексининг 50-моддасига биноан, ишни юритаётган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд гумон қилинувчини, айбланувчини, судланувчини юридик ёрдам учун тўловдан батамом ёки қисман озод этишга ҳақлидир.

Вазирлар Маҳкамасининг 20.06.2008 йилдаги 137-сонли «Адвокатлар томонидан кўрсатилган юридик ёрдам учун давлат ҳисобидан ҳақ тўлаш механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига биноан, иккита ҳолатда адвокатлар учун ҳақ давлат томонидан қоплаб берилиши кўзда тутилган:

1) оиласида ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган ялпи ойлик даромад энг кам ойлик иш ҳақининг 1,5 бараваридан ортиқ бўлмаган (бугунги кунда 304 минг сўм) шахслар учун;

2) гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчи ҳимоячидан воз кечиши билан боғлиқ процессуал ҳаракатда адвокат иштирок этиши ҳолларида, шунингдек ЖПК 52-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ жиноят ишида ҳимоячининг қатнашиши мажбурий деб ҳисобланган ҳолларда.

Биринчи ҳолатни ортиқча тушунтириш шарт бўлмаса керак, кам таъминланган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида давлат уларни ўз ҳисобидан адвокат билан таъминлаб беради.

Иккинчи ҳолат муштарийга бироз тушунарсиз бўлиши мумкин, шу сабабли қисқа изоҳ берамиз. Жиноят содир этишда гумон қилинаётган, айбланаётган шахслар ёки судланувчилар исталган пайтда ҳимоячидан воз кечишга ҳақлидир. Бунга ҳеч ким монелик қила олмайди. Аммо шундай жиноят ишлари борки, гарчи ҳимоячидан воз кечилган бўлса ҳам, уларда адвокат иштирок этиши шарт. Масалан, вояга етмаганлар, соқовлар, карлар, кўрлар, жисмоний нуқсони ёки руҳий касаллиги сабабли ўзини-ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқини амалга оширишга қийналадиган бошқа шахсларнинг иши бўйича ва ҳ.к. Бу каби ишларнинг тўлиқ рўйхати ЖПКда санаб ўтилган.