Лукас Моуранинг ҳет-триги «шпорлар»га Амстердамда камбэк қилиб, ЕЧЛ финалига чиқди. Энди улар тарихда илк бор «қулоқли кубок» учун майдонга чиқишади.

Чемпионлар лигаси. 1/2 финал. Жавоб ўйини
«Аякс» (Нидерландия) – «Тоттенҳэм» (Англия) – 2:3 (2:0)
Голлар: де Лигт, 5 (1:0). Зиёш, 35 (2:0). Лукас Моура, 55 (2:1). Лукас Моура, 59 (2:2). Лукас Моура, 90+6 (2:3).
«Аякс» (Амстердам): Онана, Мазравий, де Лигт, Блинд, Тальяфико, Шоне (Фелтман, 60), ван де Бек (Магальян, 90), де Йонг, Зиёш, Тадич, Дольберг (Синкгравен, 67).
«Тоттенҳэм» (Лондон): Ллорис, Триппьер (Ламела, 81), Алдервейрелд, Фертонген, Роуз (Дэйвис, 82), Сиссоко, Ваньяма (Льоренте, 46), Эриксен, Алли, Лукас Моура, Сон Хин Мин.
Огоҳлантиришлар: Сиссоко, 16. Дольберг, 50. Роуз, 76. Зиёш, 77. Онана, 90+5.
Ҳакам: Брих (Германия).
8 май. Амстердам. «Йохан Кройф Арена» стадиони.
Биринчи ўйин – 1:0.

Мўъжизанинг одатга айланиши
Ливерпулда  мўъжиза рўй бериб, «Ливерпуль» «Барселона»ни 4:0 ҳисобида енгиб, Чемпионлар лигаси финалига чиққанидан кейин Амстердамдаги ўйиндан ҳам исталган натижа кутиш мумкин эди. Сафардаги ғалаба «Аякс»нинг имкониятларини ошириб юборган, аммо «Тоттенҳэм»да ҳам оптимистик кайфият сақланиб қолган, Чемпионлар лигасида энди 0:1 ҳисоби ҳали ҳеч нарсани англатмасди. «Тоттенҳэм»га «Ливерпуль» яхши намуна бўлиши керак эди. 

«Аякс» бу ўйинда классик марказий ҳужумчи билан ўйнашга қарор қилди. Давид Нерес кичик жароҳати туфайли бошланғич таркибга кирмади, Эрик тен Ҳааг унинг ўрнига Каспер Дольбергни майдонга ташлади, Душан Тадич «алдамчи тўққизлик» сифатида ҳаракат қиладиган бўлди. 

Де Лигтнинг тезкор голи
Лекин 0:2 - бошқа иш, айниқса жавоб учрашувининг 5-дақиқасидаёқ ҳисоб очилса. «Тоттенҳэм»нинг муаммолари ҳуштак чалиниши билан бошланиб кетди ва бу тез орада таблода ҳам акс этди. Аввалига Ллорис Тадичнинг хавфли зарбасини бартараф этиб, тўпни бурчак томонга чиқариб юборди. Бурчак зарбаси ижро этилганида эса Шененинг паси де Лигтнинг бошига «қўнди», 19 ёшли сардор эса меҳмонлар дарвозасини ишғол этди. «Аякс»нинг Чемпионлар лигасидаги 150-голи муҳим голга айланадигандек эди - бу нидерландларнинг ЕЧЛ финали учун навбатдаги қадами эди.