«Norma» МЧЖ эксперти Зафаржон Хўжаев деҳқонларга пенсия тайинлаш қоидалари ҳақида гапирди, деб ёзмоқда ЎзА.
– Киши қишлоқ жойда яшаб, доим қишлоқ хўжалигида банд бўлади – қорамол, сабзавот, мева ва ҳ.к. етиштиради. У қандай ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади?
– Ўзбекистоннинг барча фуқаролари қатори, шахсий ёрдамчи хўжаликларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (деҳқончилик, чорвачилик, балиқчилик маҳсулотлари) етиштириш билан шуғулланадиган кишилар:
• 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган тақдирда;
• 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – ягона ижтимоий тўлов тўлаган тақдирда пенсия таъминотига ҳақли бўладилар («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 37-моддаси).
– У бунинг учун қандай ҳужжатларга (меҳнат дафтарчаси, маълумотномалар, буйруқлардан кўчирмалар ва ҳ.к.) эга бўлиши керак?
– Одатда, ўз томорқаларида ишловчиларда меҳнат дафтарчалари бўлмайди. Шу сабабли улар яшаш манзили бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилганда:
• солиқ органлари томонидан берилган СТИР расмийлаштирилганлиги тўғрисида маълумотнома нусхаси;
• паспорт нусхаси;
• меҳнат ва жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси (агар мавжуд бўлса);
• фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини (деҳқончилик, чорвачилик, балиқчилик маҳсулотлари) етиштириш билан бандлиги тўғрисида маълумотномани тақдим этишлари керак (Низомнинг 19-банди, ВМнинг 22.02.2016 йилдаги 46-сон қарорига 1-илова).
– Қишлоқ хўжалиги ишлари билан банд бўлган кишиларнинг меҳнат стажи ва иш ҳақи қандай ҳисобга олинади?
– Бундай ходимларга:
• 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – бир йилда ЭКИҲнинг камида 4,5 баравари миқдорида суғурта бадаллари тўланган тақдирда;
• 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – бир йилда ЭКИҲнинг камида 1 баравари миқдорида ягона ижтимоий тўлов тўланган тақдирда, пенсия тайинлаш учун иш стажига тўлиқ календарь йили қўшиб ҳисобланади (Солиқ кодексининг 311-моддаси; 252-сон Низомнинг 46-банди).
















