Якунланаётган ҳафта Ўзбекистон спортидаги энг асосий янгилик – раҳбариятдаги кутилмаган ўзгариш бўлди. 15 май куни Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов ушбу лавозимдаги салкам бир ярим йиллик фаолиятидан сўнг истеъфога чиқди.

Шу куни қўмита Бош ассамблеясининг навбатдан ташқари мажлиси чақирилди. Унда ассамблеянинг 32 аъзоси ва мамлакат спорти мутасаддиларидан ташқари ҳукумат ва президент администрацияси мулозимлари ҳам қатнашди. Мажлисда бунга қадар Тошкент шаҳри ҳокими, вазир ва депутат сифатида фаолият юритган, айни пайтда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси ва Вазирлар Маҳкамасида дирекция директори лавозимида ишлаётган Рустам Шоабдураҳмонов МОҚ янги президенти этиб сайланди.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

«Анчадан бери шунга қараб келаётганди»

Ушбу ўзгариш нафақат спорт жамоатчилиги учун кутилмаган янгилик, балки ҳукумат учун ҳам шошилинч қарор бўлганини тахмин қилиш мумкин. Чунки истеъфодан бир кун олдин, 14 май куни Вазирлар Маҳкамасининг 401-сонли қарори имзоланган, ушбу қарорда ёзги Осиё ўйинларини Ўзбекистонда ўтказишга тайёргарлик бўйича республика ишчи гуруҳи раисининг ўринбосари сифатида Умид Аҳмаджонов кўрсатиб ўтилганди.

Аммо 15 май кунги йиғилишда бош вазир Абдулла Арипов вазият «анчадан бери» мазкур ўзгаришни тақозо этиб келганини қайд этиб ўтди.

«Бу анча жиддий масала. Анчадан бери шунга қараб келаётганди.

Олдимизда катта тадбирлар, синовлар бор. Очиғини айтсак, сизлар билан спортимизнинг ҳозирги кундаги аҳволи қандай, Олимпиадага қанчалик тайёрмиз, тўғри йўлдан кетяпмизми, деган масалаларни гаплашадиган пайтимизда, афсуски, ташкилий масалани кўриб чиқяпмиз», – деди ҳукумат раҳбари.

Арипов Аҳмаджоновнинг ишдан кетишини изоҳлар экан, унда мазкур лавозимдаги шахс учун зарурий фазилатлар кузатилмаганини таъкидлади:

«Президентимиз Миллий олимпия қўмитаси олдига катта ва масъулиятли вазифаларни қўймоқдалар. Мазкур топшириқларни бажариш учун раҳбар яхши бошқарувчи бўлиши, спортчилар билан яқин ва самимий муносабатда бўлиб, уларни йирик ва нуфузли мусобақаларга тайёрлаши, молиявий-иқтисодий масалаларни ҳал этиш қобилиятига эга бўлиши лозим. Афсуски, Аҳмаджонов фаолиятида булар кўзга ташланмади».