Kun.uz танишган суд қарорига кўра, воқеа 2026 йил 5 ноябрь куни HY-552 рейси билан амалга оширилган «Куала-Лумпур — Тошкент» парвози вақтида юз берган. Россия фуқароси В.К. самолёт бортида маст ҳолда бақир-чақир қилиб, йўловчиларнинг тинчлигини бузган. У борт кузатувчисига қўпол муомалада бўлиб, ҳақорат қилган. Шунингдек, бошқа йўловчилар ва борт кузатувчиларга нисбатан ҳам ҳақоратли сўзлар ишлатган.

Судда кўрсатма берган борт кузатувчилар ва йўловчилар В.К. маст ҳолда жанжал кўтаргани, уни тинчлантиришга қилинган уринишларга қарамай, ўз ҳаракатларини давом эттирганини тасдиқлаган.

Самолёт Тошкент халқаро аэропортига қўнганидан кейин ички ишлар ходимлари ундан самолётдан тинч ҳолда тушишни ва ҳолат юзасидан тушунтириш бериш учун маъмурий бинога боришни талаб қилган. Бироқ В.К. ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмаган, ҳақоратли сўзлар ишлатишда давом этган. У ўзига тегишли қўл юкини самолёт трапидан ерга улоқтириб, тепган.

Суд мажлисида В.К. айбига иқрор бўлган. Унинг айтишича, парвоз вақтида борт кузатувчисидан спиртли ичимлик беришни сўраган, аммо мастлиги сабабли рад жавобини олган. Шундан кейин улар ўртасида тортишув келиб чиққан. В.К. жаҳл устида қўл юкини самолётдан улоқтирганини тан олиб, қилмишидан пушаймонлигини билдирган.

6 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди В.К.ни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ҳамда 194-моддаси 1-қисми (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) бўйича айбдор деб топди.

Суд қарори билан унга 183-модда бўйича 7 сутка маъмурий қамоқ, 194-модда 1-қисми бўйича эса 440 минг сўм жарима тайинланди. Жазоларни қўшиш натижасида узил-кесил 7 сутка маъмурий қамоқ белгиланди.