Тошкентда ижтимоий тармоқларда қотиллик ва жасадни кўмишга ишора қилувчи саҳналар акс этган видеони тарқатган йигит ҳибсга олинди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ хабар берди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда ушбу йигитнинг бир неча кун ичида миллиондан ортиқ марта кўрилган видеоси тарқалганди. Унда қора пакетга ўралган жасадга ўхшаш нарсани кўмиш саҳнаси тасвирланган.

Видео сюжетига кўра, муаллиф хонанда аёл М. ижодини миллий қадриятларга зид деб баҳолаб, уни ўлдириш ва жасадини кўмишга ишора қилувчи ҳаракатларни намойиш этган. Шунингдек, жамиятдаги бошқа инсонларга нисбатан ҳам шундай таҳдидлар акс этган.

Пойтахт ИИББ маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда ноқонуний ҳаракатларни тарғиб қилган ушбу шахс ҳибсга олинган. Ҳозир унинг қилмиши юзасидан текширув ўтказилмоқда.

Йигит видеони тайёрлагани ва тарқатганидан пушаймонлигини билдириб, жамоатчиликдан узр сўраган.