ENI Spa Ўзбекистон нефть-газ бозорига кириб келиши мумкин
Рим шаҳридаги Италиянинг «ENI Spa» нефть-газ компанияси штаб-квартирасида Ўзбекистон элчиси Отабек Акбаров ҳамда мазкур компаниянинг Халқаро муносабатлар бўйича ижрочи вице-президенти Лапо Пистелли ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
1953 йил ташкил топган, дунёнинг 71 мамлакатида фаолият кўрсатадиган «ENI Spa» корхоналарида 33 мингдан зиёд ходим ишлайди. Компания соҳа бўйича тўлиқ туркумда, яъни формулаларни тадқиқ этиш ва ишлаб чиқиш, нефть ва газни қазиб олиш, ташиш ва қайта ишлаш, шунингдек, турли мойлар ишлаб чиқариш бўйича фаолият олиб боради.
2015 йилгача Италия ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири ўринбосари бўлиб ишлаган Лапо Пистелли Ўзбекистон – Италия ўртасидаги ҳамкорлик кўплаб йўналишлар қатори иқтисодиёт соҳасида ҳам фаоллашиб бораётганини қайд этди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг табиий ресурсларга бойлиги, географик қулай жойлашуви компанияда икки томонлама ҳамкорликка катта қизиқиш уйғотмоқда. Мамлакатда нефть-газ соҳасини модернизация қилиш жараёнларида иштирок этиш истагида.
«ENI Spa» вице-президенти Ўзбекистон билан геология-қидирув, замонавий, илғор технологияларни жорий этиш йўли билан углеводородларни қазиб олиш ва қайта ишлаш каби кенг қамровли масалаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун кенг имкониятлар мавжудлигини қайд этди.
Томонлар ўзаро ҳамкорлик стратегиясини белгилаб олиш мақсадида яқин келажакда икки томонлама делегациялар ташрифларини амалга ошириш бўйича фаолиятни ташкил этишга тайёр эканини билдирди.
Мавзуга оид
18:29 / 12.11.2024
Италияда 2 мингдан зиёд сохта санъат асарлари мусодара қилинди
15:17 / 11.11.2024
Италиянинг Помпей шаҳри харобаларига саёҳатчилар ташрифи чекланади
12:50 / 05.11.2024
Ўзбекистон ва Италия мевали боғ ва токзорларни барпо этиш бўйича ҳамкорлик қилади
14:38 / 30.10.2024