13 ноябр, жумага ўтар кечаси Россиянинг Волгоград вилояти Украина учувчисиз учиш аппаратларининг оммавий ҳужумига учради. Бу ҳақда вилоят губернатори Андрей Бочаров маълум қилди.

«Учувчисиз учиш аппаратлари парчалари қулаши оқибатида Волгограднинг жанубий саноат зонасидаги корхонада, шунингдек, унга туташ ҳудудда маҳаллий ёнғин ўчоқлари қайд этилди», — дея губернаторнинг сўзларини келтирган Волгоград вилояти маъмурияти матбуот хизмати.

Бочаров ҳужумга учраган объектларнинг номини аниқлаштирмаган. Унинг билдиришича, ҳозирча жабрланганлар йўқ, турар жой биноларига ҳам зарар етмаган.

OSINT таҳлиллари «Лукойл» нефт заводида ёнғин чиққанини кўрсатмоқда

Айни пайтда Украинадаги вазиятни кузатиб борувчи Exilenova+ Telegram-канали ҳужум Волгоград нефтни қайта ишлаш заводига — «ЛУКОЙЛ-Волгограднефтепереработка» корхонасига қаратилганини хабар қилди.

Канал заводдаги ёнғин акс этгани айтилаётган видеони ҳам эълон қилган. Унинг хабарларидан бирида Волгоград нефтни қайта ишлаш заводи «ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлгани» таъкидланган.

Astra Telegram-канали муаллифлари ҳам очиқ манбалар асосидаги разведка (OSINT) таҳлилига таяниб, зарба айнан Волгоград нефтни қайта ишлаш заводига берилган, деган хулосага келган.

«Шаҳар аҳолиси кўплаб портлашлар содир бўлгани ва мобил ўт очиш гуруҳлари ҳаракат қилгани ҳақида хабар берди», — дейилади канал хабарида.

Завод аввал ҳам дронлар ҳужумидан кейин фаолиятини тўхтатган

Волгоград нефтни қайта ишлаш заводи «Лукойл» компанияси таркибига киради. Йилига қарийб 14 миллион тонна нефтни қайта ишлаш қувватига эга корхона Россия жанубидаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводларидан бири ҳисобланади.

Astra эслатишича, заводда бензин, дизел ва авиация ёнилғиси, мазут, нефт кокси, битум ҳамда базавий мойлар ишлаб чиқарилади. Корхона Россиянинг жанубий ҳудудларини нефт маҳсулотлари билан таъминлайди.

Мазкур завод аввал ҳам бир неча бор Украина дронлари ҳужумига учраган.

Сўнгги шундай ҳужум 2 октябрда содир бўлган. Шундан кейин Reuters агентлиги соҳадаги икки манбасига таяниб, дронлар зарбаси оқибатида ускуналар шикастлангани сабабли «Волгограднефтепереработка» заводи хомашёни қайта ишлашни вақтинча тўхтатганини хабар қилган эди.