Kun.uz мухбири Навоий эркин иқтисодий зонаси директори Ҳабиб Абдуллаев билан суҳбат уюштирди. Директор кўп йиллар давомида эркин иқтисодий зоналарда айрим тўсиқлар мавжуд бўлгани ва бу Навоий ЭИЗга инвестиция олиб кириш учун катта ғов бўлгани, ҳозирда бундай тўсиқлар олиб ташлангани ҳақида айтиб берди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

— Эркин иқтисодий зона тушунчасининг маъноси қандай? ЭИЗ ўзида нималарни мужассам этади ва уларнинг ютуқ тарафлари нимада?

— Эркин иқтисодий зоналар деб, баъзида махсус эркин иқтисодий зоналар дейилади, белгиланган ҳудудда алоҳида қоидалар, масалан, солиқ, божхона, маъмурий имтиёзлар юритилишига айтилади. Маъноси шундаки, ҳудуд ичидаги компания бир неча ютуқларига эга. Табиийки, бу осонгина бўладиган ишлар эмас. Албатта, бирор мақсад билан амалга оширилади. Мақсад мамлакатни ривожлантиришга қаратилади. Бунда бирор соҳани ривожланиришни ҳам кўзда тутиши мумкин. Бизнинг ҳолатда эса гап бутун комплекс ҳақида кетади. Навоий ЭИЗда солиқ бўйича имтиёзлар, божхона тўловларидан озод этиш, соддалаштирилган маъмурий процедуралар, енгиллаштирилган иммиграция масалалари назарда тутилган.

— Ҳозирги кунда Навоий ЭИЗда қандай корхоналар фаолият юритмоқда?

— Навоий эркин иқтисодий зонаси универсал тарзда бўлиб, ҳар қандай йўналишда корхоналар фаолият юритиши мумкин. Асосан юқори технологияли, инновацион, импорт ўрнини босувчи, экспортга мўлжалланган лойиҳалар устувор ҳисобланади. Албатта, ҳудудга кираётган корхона ҳам бир мантиққа асосланади. Бизнинг ҳудудда асосан қазиб чиқариш, минерал ресурсларни қайта ишлаш ишлари олиб борувчи корхоналар фаолият юритади. Навоий ресурсга бой вилоят ҳисобланади. Бу ресурсларни ер қаъридан қазиб чиқариш учун юқори технологияли ишлаб чиқариш зарур. Мақсад хом ашёни эмас, уни ишлаб чиқариш бўлади. Юқори айтганимдек, юқори технологияли, инновацион, импорт ўрнини босувчи, экспортга мўлжалланган маҳсулотлар бўлиши лозим. Оддий мисол, қурилиш материалларини олайлик. Турли-туман хом ашёни талаб қилади, маҳсулот ассортименти ҳам жуда кенг. Қурилиш ишларидаги «портлаш» фақатгина бизда эмас, бошқа Ўрта Осиё ва Яқин Шарқ давлатларида ҳам кетмоқда. Россия ҳам бир катта бозор. Маҳсулотларимиздан мармарни мисол қилсак, бизда жуда сифатли мармар қазиб олинади. Бизнинг мармар дунё миқёсида ўз ўрнига эга. Буни қазиб олиш, унга ишлов бериш, тайёр маҳсулот ҳолига келтириш - ҳаммаси яхлит бир жараён. Бу ишлаб чиқариш учун эса инвестиция жуда зарур. Қимматбаҳо ускуналар, мутахассислар зарур. Ҳозирча бу масалаларда муаммолар бор. Лекин салоҳият жуда юқори. Айнан мармар масаласида бизга хорижлик ҳамкорлар зарур. Бу бўйича давлат томонидан имтиёзлар ажратилган.