Жиноят кодекси 168-моддасининг 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумонланиб халқаро қидирувда бўлган фуқаро Ўзбекистонга экстрадиция қилинди.
Хабар қилинишича, тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш давомида қидирувда бўлган шахснинг Грузия ҳудудида эканлиги аниқланган.
Ўзбекистон ва Грузия томонларининг мувофиқлаштирилган ҳаракатлари натижасида у Грузиянинг ваколатли органлари томонидан ушланган ҳамда Ўзбекистон Бош прокуратурасининг экстрадиция тўғрисидаги илтимосномаси қаноатлантирилиб, мазкур шахсни Ўзбекистонга топшириш тўғрисида қарор қабул қилинган.
“Интерпол миллий марказий бюролари ходимларининг бевосита иштирокида қидирувдаги шахс Грузиядан экстрадиция қилиниб, қонунчиликка мувофиқ кейинги процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасига олиб келинди”, дейилади Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси хабарида.




