Жаҳон | 13:20 / 26.05.2019
18447
2 дақиқада ўқилади

NYT АҚШдаги энг кўп ҳақ олувчи компания раҳбарлари рўйхатини эълон қилди

Илон Маск Фото: Globallookpress

2018 йилда Илон Маск Tesla компаниясидаги иши учун олган ҳақ 2,28 млрд долларни ташкил этди, бу уни АҚШдаги энг кўп ҳақ олувчи компания раҳбарига айлантирди, деб ёзади The New York Times газетаси.

NYT рўйхат тузишда ойлик маош, бонуслар, қўшимча ҳақ ҳамда акциялар учун олинадиган тўловларни ҳисобга олган.

Нашрнинг ёзишича, Маскнинг Tesla’даги даромади бир йил илгаригига қараганда 45 минг мартага ошган. Шу билан бирга унинг маоши атиги 55 минг долларни ташкил этган, қолган даромад компания акциялари учун олинадиган тўловлардан иборат.

Америкадаги энг кўп ҳақ тўланадиган компания раҳбарлари рўйхати қуйидагича бўлди:

Tesla бош директори Илон Маск, $2,28 млрд.

Discovery Inc. президенти ва CEO (бош ижрочи директор) Дэвид Заслав, $129 млн.

Palo Alto Networks CEO Найкш Арора, $125 млн.

Oracle директорлар кенгаши аъзоси Майкл Херд, $108 млн.

Oracle бош директори Сафра Кац, $108 млн.

T-Mobile US бош директори Жон Лежер, $67 млн.

The Walt Disney президенти ва CEO Роберт Айгер, $66 млн.

PTC президенти ва бош директори Жеймс Хеппельманн, $50 млн.

Estée Lauder президенти Фабрицио Фрида, $48 млн.

J2 Global СEO Вивек Шах, $45 млн.

АҚШда 2018 йилда энг юқори ўртача маош Celgene биотехнология компаниясида берилган  — йилига $263 минг. Кейинги ўринларда Vertex Pharmaceuticals биофармацевтика компанияси ($232 минг), Facebook ($228 минг), Palo Alto Networks ($223 минг), Alexion Pharmaceuticals ($223 минг) ва Netflix стриминг-сервиси ($202 минг).

Мавзуга оид