Сайлов кампанияси Маск томонидан молиялаштирилган 43 нафар республикачидан фақат учтасигина Вакиллар палатасига ўтди; 33 нафари мағлуб бўлди, қолган етти нафари эса овозларни санаш ҳали давом этаётган округларда демократлардан ортда қолмоқда, деб хабар берди Reuters. У Сенатга қўллаб-қувватлаган номзодларнинг етти нафаридан олтиси ютқазди, Аляскада эса овозларнинг 77 фоизи саналгандан сўнг, демократ Мэри Пелтола кичик фарқ билан олдинда бормоқда. Маск ўзининг SpaceX ва Tesla компаниялари бош қароргоҳларини Калифорниядан кўчириб ўтказган Техас штатида можароларга ботган республикачи Кен Пакстонни қўллаб-қувватлаш учун 230 млн доллар ва губернаторлик лавозими учун курашга 5 млн доллар сарфлаганига қарамай, буткул мағлубиятга учради. Якунда демократлар Жеймс Таларико ва Жина Инохоса мос равишда штат сенатори ҳамда губернатори этиб сайланди.

Сайлов кампаниялари молиялаштирилишини мониторинг қилувчи OpenSecrets ташкилоти маълумотларига кўра, Маск биргина Конгресс сайловининг ўзига 445 млн доллар сарфлаган. У киритган маблағларнинг тўлиқ миқдори номаълумлигича қолиши мумкин, чунки у яна ўнлаб миллион долларни нотижорат ташкилотлар орқали, миллионлаб долларни эса штатлар ва маҳаллий даражадаги сайловга сарфлаган, деди Reuters агентлигига ушбу харажатлардан хабардор манба. Financial Times маълумотларига кўра, умумий сумма 470 млн доллардан ошган.

Маск эса 4 ноябрь куни эрталаб Х тармоғида шундай деб ёзди: «Кўринишидан, сайловга аралашишга мўлжалланган космик лазерларим бу сафар иш бермади».

Демократлар назоратига ўтган Конгресс Маскнинг Starlink сунъий йўлдош хизмати ва маълумотлар марказларини қуриш лойиҳалари устидан назоратни кучайтириши, шунингдек, унинг Трамп маъмурияти ҳамда Техас расмийлари билан алоқаларини тергов қилишга киришиши мумкинлигидан хавотирланган инвесторлар сабаб, чоршанба куни SpaceX ва Tesla акциялари мос равишда 3,9% ва 3,3% га арзонлашди.